08:14 / 07.01.2021
5694
Америкалик сиёсатчилар Вашингтондаги тартибсизликлар учун Трампни қоралашди
Фото: Reuters

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама амалдаги президент Доналд Трампни Вашингтонда норозиликлар авж олдиришда айблади. Обама Капитолийнинг Трамп тарафдорлари томонидан ишғол қилинишини америкаликлар учун “буюк шармандалик они” деб атади.   
        
“Тарих қонуний сайловлар натижалари ҳақида асоссиз ёлғон гапиришни давом эттираётган амалдаги президент томонидан келтириб чиқарилган Капитолийдаги бугунги зўравонликни миллатимиз учун буюк шармандалик они сифатида эслаб қолади. Бироқ биз бунга кутилмаган ҳодисадек қараганимизда, ўзимизни алдаган бўлардик”, деб айтилган Обаманинг Facebook’даги постида. 

Бундан аввалроқ АҚШнинг яна бир собиқ президенти Кичик Жорж Буш Капитолийнинг ишғол қилинишини “банан республикаси”да сайловлар натижалари бўйича баҳслашишга қиёслаган. Буш аниқ исмларни келтирмай, “баъзи сиёсий етакчиларнинг ақлсизлигидан” ҳайратда эканини қўшимча қилган.

Бу орада Иллинойс штати губернатори Жей Роберт Прицкер Трамп хавф солишини ва уни дарҳол лавозимидан четлатиш кераклигини айтган. Ню-Йорк губернатори Эндрю Куомо эса Трампга, конгресс аъзоларига ва “жиноий тўда”га демократияни ўғирлашга йўл қўймаслигини айтган. Сенатор Митт Ромни эса Вашингтондаги ҳодисаларни “АҚШ президенти томонидан келтириб чиқарилган қўзғолон” деб атаган.   

Аввалроқ Трамп тарафдорлари Капитолий биносига бостириб кириб, у ерда президент сайловлари натижаларини тасдиқлаш бўйича ўтаётган йиғилишнинг бўлинишига олиб келишган.   

Top