09:58 / 14.01.2021
5855
Брюсселда қора танли муҳожир ўлимидан кейин тартибсизликлар бошланди

Белгия пойтахти Брюсселда 23 ёшли қора танли муҳожирнинг ўлимидан кейин норозилик намойишлари бошланди. Намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. Тартибсизликлар марказида қирол Филипп машинаси ҳам қолиб кетди. 

Фото: twitter.com

RTBF телеканалининг хабар беришича, Иброҳим исмли йигит 9 январда полициянинг пандемия вақтида ўтказаётган текшируви давомида ҳужжатларни тақдим қилиш талабини бажариш ўрнига қочишга тушган, бироқ полиция томонидан ушланган. Аниқланишича, у ноқонуний муҳожир бўлган. Полиция бўлимида йигит ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушини йўқотган. У шифохонага етказилган ва бир неча соат ўтиб вафот этган. Намойишчиларнинг таъкидлашича, йигитнинг ўлимига полиция сабабчи бўлган

Полицияда таъкидланишича, йигит полиция бўлимига йўлда ҳушини йўқотган.       

Йигитнинг оиласи прокуратурадан унинг ўлими сабабини тергов қилишни талаб қилган ва брюсселликларни полиция зўравонлигига қарши тинч намойишга чиқишга чақирган. Бироқ 500га яқин киши тўпланган намойиш полиция билан тўқнашувлар ва тартибсизликларга айланиб кетган. Намойишчилар полициячиларнинг ҳаракатларига жавобан уларга тош улоқтира бошлашган. Бундан ташқари, полиция бўлимига ўт қўйилган.  

Таъкидланишича, Белгия қироли машинаси саройдан қароргоҳга йўлда норозиликлар марказига тушиб қолган. Шунда намойишчилар қирол машинасига ҳам тошлар улоқтиришга тушишган. Ҳайдовчи полициячилар ёрдамида машинани воқеа жойидан олиб чиқишга муваффақ бўлган. Қиролга шикаст етмаган. 

Маълумотларга кўра, 15 намойишчи ҳибсга олинган. 

Top