18:15 / 03.02.2021
4537
Самарқанднинг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий марказида 251 та амалдаги талабларга зид ишлар қилинган

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳрининг тарихий маркази ва унинг қўриқланадиган ҳудудларида амалдаги талабларга зид равишда бажарилган 251 та ер қазиш, қурилиш, таъмирлаш-тиклаш ишлари аниқланган. Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев маълум қилган.

Қайд этилишича, вилоят туризм бошқармаси томонидан 2020 йилда моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган ҳудудларида турли хил қурилиш ва хўжалик ишларини олиб борган 100 га яқин жисмоний ҳамда юридик шахсларга нисбатан оғзаки огоҳлантириш берилган.

Йигирмата ҳолат бўйича прокуратура ва суд органларига тегишли ҳужжатлар юборилиб, 14 та ҳолат юзасидан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган. Олтита ҳолат бўйича камчиликлар жойида бартараф этилиб, ижобий ҳал қилинган. Иккита ҳолат бўйича Самарқанд шаҳри ва Пастдарғом тумани ҳокимларининг қарорлари бекор қилинган.

Таъкидланишича, бугунги кунда вилоятдаги «Дабусия» (Пахтачи тумани), «Жартепа», «Сулаймонтепа» (Ургут тумани) ҳамда «Кофирқалъа» (Самарқанд тумани) археологик маданий мерос кўчмас мулк объектларини «Ипак йўли: Зарафшон дарёси ва Қайроқум йўналиши» бўйича ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича лойиҳа-таклифининг муҳокама жараёни бўлиб ўтмоқда.

Ботир Нуруллаевнинг маълум қилишича, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 1607 та моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Бу объектларнинг 1011 таси республика аҳамиятидаги, 596 таси маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объектлари ҳисобланади.

Ҳозирга қадар вилоят бўйича 1513 та моддий маданий мерос объектининг давлат кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, 874 таси давлат рўйхатидан ўтказилган. Бундан ташқари, Қўшработ туманида 3 та, Жомбой, Булунғур ва Нуробод туманларида 2 тадан, Самарқанд ва Иштихон туманларида 1 тадан жами 11 та янги моддий маданий мерос объектлари аниқланган.

Top