16:14 / 18.02.2021
4591
ХВЖ: Ўзбекистон ҳукумати давлат корхоналари учун имтиёзлардан воз кечиши керак

Ҳукумат бозорга кириш йўлидаги қолган тўсиқларни йўқ қилиши ва асосан давлат корхоналарига бериладиган тариф, солиқ ва бошқа имтиёзларни бекор қилиши керак. Мамлакатдаги тез-тез ва бир марталик ўзгаришлар инвесторларни мамлакатга кириб келишдан тўхтатиб туради.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижрочилар кенгаши 2021 йилда Халқаро валюта жамғармаси тўғрисидаги шартноманинг IV моддасига асосан, Ўзбекистон бўйича маслаҳатлашувларнинг якуний хулосасини эълон қилди.

ХВФ хулосаларида Ўзбекистон сўнгги бир неча йил ичида улкан ислоҳотларни амалга оширишда сезиларли ютуқларга эришгани таъкидланган. Биринчи босқич асосан макроиқтисодий бошқарувни такомиллаштиришга, нархлар, валюта алмашинуви ва савдо-сотиқни эркинлаштиришга, шунингдек, солиқ ва пул-кредит сиёсати тизимида сезиларли яхшиланишларга қаратилган.

Эндиликда ҳукумат бозорга кириш йўлидаги қолган тўсиқларни йўқ қилиши ва асосан давлат корхоналарига бериладиган тариф, солиқ ва бошқа имтиёзларни бекор қилиши кераклиги қайд этилган.

«Очиқ ва рақобатбардош бозорлар давлат харажатлари самарадорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Бизнес ва тадбиркорлик муҳитини тартибга солиш тизимини соддалаштириш ва энг муҳими, прогноз қилиш қобилияти ва барқарорликни ошириш керак, чунки тез-тез ва бир марталик ўзгаришлар инвесторларни мамлакатга кириб келишдан тўхтатиб туради», -  дея таъкидлади ХВЖ.

Шу билан бирга, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи бозорларини ташкил этиш режалаштирилган энергия самарадорлигини ошириш ва паст даражадаги субсидияларни йўқ қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши айтиб ўтилган.

Бундан ташқари, ЖСТга кириш жараёнини қайта тиклаш ва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи бозорларига киришини кенгайтириш савдо интеграциясини осонлаштириши ва Ўзбекистондаги бизнес ва истеъмолчиларга фойда келтириши таъкидланган.

29 январ куни Вазирлар Маҳкамаси хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хизматларнинг давлат харидларидаги иштирокини чеклашни назарда тутувчи «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарорни тасдиқлаганди.

Ҳужжатда чекланган товарлар рўйхатига озиқ-овқат, электротехника, кимё саноати, тўқимачилик, транспорт эҳтиёт қисмлари, пластмасса, қоғоз, керамика, шиша, металл буюмлар ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг 529 хили киритилган.

Top