07:57 / 06.03.2021
23222
ДХХга ишга киритиб қўйиш учун 5000 доллар талаб қилган шахс ушланди

Жорий йилнинг 3 март куни Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Х.Н. вилоят ИИББга ариза билан мурожаат қилган. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

У аризада ўзини «ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи», деб таништирган шахс ўғлини ДХХ ҳарбий қисмларидан бирига ишга киритиб қўйиши учун 5 000 АҚШ доллари талаб қилаётганини маълум қилиб, қонуний чора кўришини сўраган.

Мазкур аризага асосан, «Зарбдор ойлиги» доирасида Тошкент вилояти ИИББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш ва Ўз хавфсизлик бошқармаси вилоят бўлими ходимлари ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Чирчиқ шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида ўзини «ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси Кадрлар бўлими бошлиғи», деб таништирган шахс катта лейтенант унвонидаги ДХХ хизмат кийими (формаси)да аризачидан келишилган 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олаётган вақтда, тадбир иштирокчилари томонидан ушланган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ўтказилган суҳбат давомида ушбу шахс Сурхондарё вилоятида яшовчи, 1998 йилда туғилган Э.М. экани, у ҳеч бир давлат органи ёки бошқа ташкилотда ишламаслиги, шунингдек, аввалроқ ДХХга қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтагани аниқланган.

Ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Top