14:37 / 16.03.2021
3004
4 миллиард сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилиши тўхтатилди — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Олот» чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб келган юк автомашинаси белгиланган тартибда, холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.

Кўрикда товарнинг юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, умумий қиймати 1 млрд сўмлик пойабзал хомашёлари товарлари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда, мазкур постга қўшни давлатдан кириб келган юк автомашинасидаги юк кузатув хужжатларида келтирилган товарнинг вазни шубҳа уйғотгани сабабли, автомашина божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, автомашина юкхонасида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган, умумий қиймати 1 млрд 77 млн сўмлик қора седана ёғи маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Бошқа бир ҳолатда, «Олот» чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб келган юк автомашинаси божхона кўригидан ўтказилганда, унда товарларнинг юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган, умумий қиймати 1 млрд 847 млн сўмлик канцелярия товарлари борлиги аниқланди.

Ғилдирак ичига нималар яширилган эди?

Фарғона вилояти божхона бошқармаси «Фарғона» чегара божхона пости ходимлари қўшни давлатдан мамлакатимизга кириб келаётган фуқаро Ю.Б. бошқарувидаги «Ласетти» автомобилини божхона назоратидан ўтказди.

Автомашина салон қисмига ва юкхонасидаги қўшимча ғилдираги ичига усталик билан жойланган, хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ҳамда акциз маркалари билан маркаланмаган 5 дона 5 литр ҳажмли целлофан пакетларда жами 25 литр спиртли ичимликлар ва 32 дона 14,4 литр алкоголли энергетик ичимликлар яширилгани аниқланди.

Яна бир шунга ўхшаш ҳолатда мазкур пост орқали Ўзбекистонга кириш учун ҳаракатланган фуқаро Ю.Ш. бошқарувидаги «Нексия» автомобили ҳам божхона назоратидан ўтказилганида, машинада божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ҳамда акциз маркалари билан маркаланмаган, автотранспорт воситасининг олди эшиклари орасига ва юкхонаси ичига яширилган 500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Божхоначилар ҳужжатлардан тушиб қолган 1 млрд сўмдан ортиқ товарларни фош этишди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Чуқурсой техник идораси» темир йўл чегара божхона пости ходимлари хориждан юртимиздаги МЧЖлардан бирининг номига юк контейнерида келтирилган, йўл-юк кузатув ҳужжатларига асосан «Технологик асбоб-ускуна» дея кўрсатилган товарларнинг инспекцион кўрик мажмуасидан олинган тасвирлар ўртасида тафовут мавжудлиги сабабли божхона кўригидан ўтказишди.

Натижада, мазкур юк контейнерида ҳужжатларда умуман қайд этилмаган, оғирлиги 25 тоннадан ортиқ бўлган, қиймати 1 млрд 196 млн сўмлик 149 турдаги хўжалик ва қурилиш моллари товарлари борлигини аниқлашди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан текширувлар давом эттирилмоқда.

Top