08:35 / 25.03.2021
1041
Навоийда ичкилик туфайли 8 кунда ўлим билан боғлиқ 3 та жиноят содир этилди  

Навоий вилояти Кармана туманида 32 ёшли фуқаро спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида мудҳиш жиноятга қўл урди. Бу ўтган 8 кунда вилоятда худди шу кўринишда содир этилган учинчи жиноят бўлди.

Биринчи ҳолат – 16 март куни Навбаҳор туманининг Қалқон ота маҳалласида 52 ёшли Ш.Ғ. ичкилик таъсирида ошхона пичоғи билан «шишадоши», 40 ёшли М.А.нинг чап кўкрак қисмига бир маротаба урган. Оқибатда, М.А. воқеа жойида вафот этганди.

Иккинчи ҳолат – 18 март куни Зарафшон шаҳрида яшовчи Б.М. спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда турмуш ўртоғи Т.Н. ва унинг танишлари З.Б. ҳамда П.А.ни пичоқлаган эди. 

Учинчи ҳолат эса кеча, 24 март куни содир бўлди. Навоий вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Кармана туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган фуқаро Р.И. маст ҳолда бўлган 32 ёшли Р.М. томонидан оғир тан жароҳати етказилганлиги сабабли вафот этган. 


 
Тумандаги Алишер Навоий маҳалласида ушбу жиноят вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ, туман сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилинган. 

Мазкур маҳалла раиси ҳамда инспекторининг маълум қилишича, жиноят содир этилган хонадон эгаси мунтазам равишда чиқинди ва макулатура олди-сотдиси билан шуғулланган. Унинг уйида макулатура топширадиганлар қўним топиб, маст ҳолда юрганлиги сабабли бир неча бор профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган. Хонадон эгаси эса касаллигини баҳона қилиб, пул топишнинг бошқа иложи йўқлигини айтиб келган.

Ҳолат юзасидан Кармана тумани ИИБ ТБ томонидан Р.М.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Top