Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро А.С., Н.Ж. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкини қўлга киритишгани аниқланган.
Жумладан, улар ноқонуний даромад орттириш мақсадида, «Y.N.» МЧЖни ташкил этиб, Гулистон шаҳрида ижарага олинган бинода мижозларга хизмат кўрсатувчи офис очган. Сўнг фуқароларни фоизлари юқори бўлмаган ва қулай шартлар асосида қисқа муддатда автокредит ажратиб беришга қизиқтирган.
Оқибатда, 34 нафар шахснинг жами 425,8 миллион сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.










