«Ёш китобхон» танловининг республика босқичида 10—14 ёшлилар тоифасида ғолибликни қўлга киритган Муҳаммадфозил Исмоилов қишлоғида тантанали кутиб олинди. Унга президент совғаси «Spark» автомобили топширилди.
Ўзбекистон туманидаги 50-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Исмоилов Муҳаммадфозил Дилшодбек ўғли «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида 10—14 ёшлилар тоифасида ғолибликни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 10 апрел куни Муҳаммадфозил Исмоилов Ўзбекистон туманидаги Оқмасжид қишлоғида тантанали кутиб олинди.
Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, у танловнинг бош соврини, президент совғаси — «Spark» автомобили билан тақдирланган. Ўзбекистон туманидаги 50-мактабда бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўз олган туман ҳокими Шерзодбек Йўлдошев ёш китобхон йигитни эришган муваффақияти билан самимий табриклаб, унга ҳокимлик номидан 10 000 000 сўмлик сертификатни топширди.

Шунингдек, Муҳаммадфозилнинг онаси Мукаммалхон Муқимовага 5 000 000 сўмлик ҳамда унинг устози Нилуфархон Ҳалиловага 5 000 000 сўмлик сертификат топширилди.
Kun.uz мухбири билан суҳбатда Муҳаммадфозил Исмоилов «Ёш китобхон» танловида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб иштирок этиб келаётганини билдириб ўтар экан, у 2019 йилда мазкур танловнинг вилоят босқичида 2- ўринни, 2020 йилда вилоятда 1- ўринни эгаллаб, республика босқичида фаол иштирок этганини таъкидлади.
«Биласизми, «Ёш китобхон» танловига қизиқишим жуда юқори бўлган. Менинг биринчи устозим онам бўлганлар. Улар менга шу танловда иштирок этишимни истаб, икки юздан ортиқ китоб олиб берган. Уйимизда шахсий кутубхонам бор. Онам менга китобларни ҳадя қилар чоғида, «ўғлим, шу китобларни ўқиб, менга «Spark» олиб берсанг ажаб эмас», деган эдилар. Уларнинг шу сўзлари китоб ўқишга бўлган қизиқишимни янада оширган. Мени ҳам ота, ҳам она бўлиб тарбиялаётган онажонимнинг орзулари ушалиши учун китоб ўқиб, онамга автомобил олиб беришни ният қилдим. Ниятим холис экан, жорий йилда «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида ўз тенгқурларим орасида 1-ўринни эгалладим ва олий совринга эга чиқдим. Президентимиз томонидан совға қилинган «Spark» автомобилини онамга совға қилишни ният қилганман», — дея таъкидлайди М.Исмоилов.

Биз Муҳаммадфозилнинг онаси Мукаммалхон Муқимовага юзландик. У биз билан суҳбатда ўз ҳаяжонларини яшира олмади. Қувонч кўз ёшларини артиб, қуйидагиларни сўзлаб берди:
«Ўзим ўқитувчи бўлганим учун ўғлим Муҳаммадфозилнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши юқори бўлган. Танловнинг ҳар бир босқичи ҳаяжонли бўлди. Қизиқарли кечди. Ўғлимнинг ютуқларини кўриб қувондим. Шундай ўғилнинг онаси эканлигимдан фахрланиб кетдим. Оналар учун бундан ортиқ бахт борми, ука?» —дея кўз ёшларини артади она.

Муҳаммадфозил танлов ортидан республиканинг барча ҳудудларидан дўстлар орттирганини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватлаб турган барча дўстлари, устозлари ва яқинларига ўз миннатдорчилигини изҳор этди.
Файзулло Султонов,
Kun.uz мухбири











