11:34 / 01.05.2021
2261
Чириган картошка уруғи олган 404 нафар фермер судда ютди

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ туман суди биносида 2021 йилнинг 17 апрель куни чириган картошка бўйича «EGOIST AST» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши кўрилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига Яккабоғ туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши бош мутахассиси Ғиёсиддин Муҳаммадиев хабар берди.

Ғ.Муҳаммадиевнинг хабарига кўра, «EGOIST AST» МЧЖ билан уруғлик картошка олиш бўйича шартнома тузиб, натижада ҳуқуқи бузилган Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларидаги жами 404 нафар фермер хўжаликлари фойдасига суд ҳукми чиқарилди.

ЖИБ Пайариқ туман судида раислик этувчи Ш.Шарипов қарорни жиноят доирасидаги судланувчилар, фуқаровий даъвогарлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ва судланувчиларнинг охирги сўзларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳамда ишда мавжуд бўлган далилларга ҳуқуқий баҳо берган ҳолда чиқарган. Қарорга кўра, зарар кўрган 404 нафар фермер хўжаликлари фойдасига 13 миллиард 444 миллион 603 минг 500 сўм ундириш тўғрисида суд ҳукми чиқарилган.

«Ҳақиқат кеч бўлса ҳам судда адолатли қарор топди», - дейди Ғ.Муҳаммадиев.

Kun.uz чириган картошка уруғи тарқатганлик масаласини аввалдан кузатиб келмоқда. Аввалига чириган картошка уруғи тарқатилаётгани тўғрисида видео тайёрланганди.

Ундан кейин иккала томон ўзини оқлаганди.

Шу воқеалар асносида бош прокуратура фермерларга чириган картошка уруғини ўтказган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатганди.

Биринчи судда айбланувчилар зарарни қопламасдан озод этилган бўлса, 3-4 ноябр кунлари Қарши туманлараро судида 14 нафар фермернинг фойдасига ҳукм чиқарилганди.

Top