Мальтада катта ёшли аҳолининг 70 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг камида бир дозасини олиб бўлди. Бу билан мамлакат ЕИда биринчи бўлиб жамоавий иммунитетга эришди, деб маълум қилди Мальта соғлиқни сақлаш вазири Крис Ферне. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

«Ҳар беш сонияда эмлаш амалга оширилмоқда. Катта ёшли аҳолининг 42 фоизи икки дозани қабул қилди», – деди Ферне.

Ферненинг қўшимча қилишича, «вакцина вирусга қарши қурол» ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, июлдан бошлаб тўлиқ эмланган шахслар кўчада ниқоб тақишга мажбур бўлмайди, аммо бинолар ичида барчанинг ниқоб тақиши мажбурийлигича қолади.

Пандемия бошланганидан буён Мальтада коронавирус юқтириш билан боғлиқ 30,5 минг ҳолат қайд этилган, 417 бемор вафот этган.

Ҳозирга қадар Мальтада 16 ёшдан ошган 474,4 минг киши коронавирусга қарши эмланган.