17:13 / 07.06.2021
18216
Қирғизистон президенти вилоят суди раисининг ишга маст ҳолда келган видеосини намойиш этди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича кенгашнинг биринчи мажлисида Чуй области суди раисининг видеосини эълон қилиб, у ҳар куни ишга ичиб келишини таъкидлади.

Кузатув камераси орқали олинган видеолавҳада коридорда бир мунча вақт ўтирган эркак кишининг ўрнидан қийинчилик билан туриб, чўнтагидан калитни олиб кабинет эшигини очиб ичкарига киргани акс этган. Унинг ҳаракатларида алкогол ичимлигидан мастлик аломатларини кузатиш мумкин.

Видео намойиши тугагач, президент Олий суд раиси Нургул Бакировага юзланди.

Шундан сўнг, президент мамлакатда суд адолати ва қонунийликни таъминлашга қаратилган суд ислоҳоти бўйича қонунлар ва кодекслар Конституцияга мувофиқ ишлаб чиқилганини, бироқ мамлакатда видеолавҳадагидек судялар бўлса, ҳеч қачон ўзгариш бўлмаслигини қайд этди.

«Агар бизда мана шундай судяларнинг ўзлари ўзгармаса, қонунларни тилла ҳарфлар билан ёзсак ҳам, бундай судялар билан ислоҳотларни якунлай олмаймиз.

Мана, битта йирик област судининг раиси ҳар куни ичар ва ишга маст ҳолда келар экан. Шунга кўра, ҳурматли Олий суд раиси, зудлик билан тозаланг, уни бугуноқ чақиртириб, масаласини суд кенгаши муҳокамасига киритинг, сизга топшириқ», деди Жапаров.

Олий суд раиси бугуннинг ўзида тегишли қарор қабул қилинишига ваъда берди.

Маълумот учун, Ўзбекистон суд тизимида интизомий жавобгарликка тортилган ёки суд органлари шаънига доғ туширувчи хатти-ҳаракатларни содир этгани туфайли тизимдан четлатилган судяларнинг шахси уларга босим бўлиши важи билан ошкор қилинмайди.

Top