11:18 / 29.06.2021
6893
«Beeline» UZREPORT TV’га қарши судда ютқазди

UZREPORT TV’нинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг бузилиши юзасидан Beeline’га қарши даъво аризаси Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилди ва телеканалнинг даъвосини тўлиқ қондириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Суд қарорига биноан, жавобгар «Unitel» МЧЖ UZREPORT TV ва FUTBOL TV’ни «Beeline TV» мобил дастуридан ўчириб ташлаши ва кейинчалик UZREPORT МЧЖ билан келишувисиз ушбу каналларни трансляция қилмаслиги шартлиги белгиланди

«Телеканалимизнинг «Beeline»га қарши даъвоси судда кўриб чиқилиб, объектив ва адолатли қарор қабул қилинганидан мамнунмиз. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг ажралмас қисми сифатида, устувор йўналишлардан бири бўлиб, буни мамлакатимиз президентининг ушбу масалага қаратган диққат-эътибори ҳам тасдиқлайди.

«Агар биз интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни кучайтирсак, бу учинчи Уйғониш даври учун ҳам пойдевор бўлиб хизмат қилади», дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда.

Тўғридан тўғри бизнинг ишимизга келсак, UZREPORT ҳозирда «Beeline» ва «Ўзбекистон Кабель Телевиденияси» МЧЖга қарши ноқонуний ҳаракатлари сабаб маънавий ва моддий зарарни қоплаш учун, жорий судда аниқланган далилларга асосланиб янги даъво аризасини тайёрламоқда», дея изоҳ берган телеканал бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Алишер Азимов.

Аввалроқ, «Unitel» МЧЖ («Beeline» савдо белгиси) компанияси ўзига тегишли бўлган «Beeline TV» мобил иловасида UZREPORT TV билан шартнома тузмасдан UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканалларини намойиш қилиб келаётгани сабабли телеканал «Unitel» МЧЖ компаниясига қарши судга даъво аризаси киритгани хабар қилинганди

Бунга жавобан, «Beeline» компанияси вазият юзасидан расмий баёнот бериб, муаллифлик ҳуқуқларини бузганликда айбланаётганидан норози экани ва ўз позициясини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги доирасида ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирганди.

Компания ўз хатти-ҳаракатларини лицензияланган шартномага мувофиқ, «Ўзбекистон Кабель Телевидениеси» МЧЖ томонидан тақдим этилган телеканаллар тўпламига UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканаллари ҳам киргани билан изоҳлаган.

Top