16:04 / 26.05.2021
11856
«Компания судда ўз далилларини тақдим этишга тайёр». «Beeline» «Uzreport TV» билан боғлиқ можаро юзасидан баёнот берди

«Uzreport TV» муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, «Beeline» компаниясини судга бергани ҳақида маълум қилинганди. Унда «Unitel» МЧЖ («Beeline» савдо белгиси) компанияси ўзига тегишли бўлган «Beeline ТВ» мобил иловасида «Uzreport TV» билан шартнома тузмасдан «Uzreport TV» ва «Футбол ТВ» телеканалларини намойиш қилиб, моддий манфаат кўриб келаётгани айтилган.

«Beeline» компанияси вазият юзасидан расмий баёнот берди. Унда «Beeline Uzbekistan» муаллифлик ҳуқуқларни бузганликда айбланаётганидан норози экани ва ўз позициясини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги доирасида ҳимоя қилишга тайёрлиги айтилган.

Маълум қилинишича, телевизион тармоқларни тарқатиш бўйича хизматларини кўрсатиш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан тузилган лицензияланган шартномага мувофиқ, «Beeline ТВ» платформасида телеканалларнинг ретрансляциясини амалга оширишда «Ўзбекистон Кабель Телевидениеси» МЧЖ «Unitel» МЧЖга «Ягона сигнал» етказиб бериш бўйича хизматларни тақдим этади.
 
«Ўзбекистон Кабель Телевидениеси» МЧЖ Ўзбекистон ҳудудида «Ягона сигнал»нинг тарқатувчиси бўлиб, телевизион каналлар (дастурлар)нинг белгиланган тўплами, оммавий ахборот воситаларининг телевидение маҳсулотларидан ташкил топган, Идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан Ўзбекистоннинг ахборот фаолияти ва маълумотларни узатишни такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш учун тасдиқлангани айтилади.

«Ўзбекистон Кабель Телевидениеси» МЧЖ томонидан тақдим этилган телеканаллар тўпламига «Uzreport TV» ва «Футбол ТВ» телеканаллари ҳам киради. Тузилган шартномага биноан, «Unitel» МЧЖ «Ўзбекистон Кабель Телевидениеси» МЧЖ томонидан телеканалларининг белгиланган пакетини мустақил равишда ўзгартира олмайди.

Шунга қарамай, биз «UzReport» МЧЖ ИАдан «Ўзбекистон Кабель Телевидениеси» МЧЖ томонидан тақдим этилган «Uzreport TV» ва «Футбол ТВ» телеканалларининг ретрансляциясини тўхтатиш тўғрисида даъво олдик. Маълум қиламиз, компания судда ўз далилларини тақдим этишга тайёр», дейилади баёнотда.

Top