08:27 / 29.07.2021
32025
Шомуродов «Рома»га ўтмоқда

Шомуродов «Женоа»дан «Рома»га ўтишга яқин. Трансфер қиймати 16 миллион евродан ошади.

Фото: Getty Images/Stringer

Италиялик журналист ва футбол инсайдери Николо Скиранинг маълум қилишича, «Женоа» ва «Рома» клублари ҳужумчи Элдор Шомуродов трансфери масаласида келишувга эришган. 

«Келишувга эришилди! Элдор Шомуродов «Женоа»дан «Рома» сафига ижара асосида ўтади. Римликларда футболчини 16 млн евро эвазига сотиб олиш ҳуқуқи ҳам бўлади. Генуя клуби ўзбекистонлик футболчининг келгуси трансферидан маълум миқдорда улуш олиши шартномада кўрсатиб ўтилган», - деб ёзди Скира. 

Шомуродов учун Генуя клубига тўланадиган бир йиллик ижара ҳақи 2,5 миллион еврони ташкил этади.

Қўшимча қилинишича, Шомуродов «Рома» билан 2026 йилга қадар мўлжалланган шартномага имзо чекади.

Шомуродов Жозе Моуриньо мураббийлиги остида яхши ўйнаб кета олса, футболчининг самарадорлиги эвазига трансфернинг умумий қиймати бонуслар ҳисобида 19-21 миллион еврогача етиши мумкин.

Instagram'да Элдор Шомуродовнинг 2019 йилда Моуриньо билан тушган сурати остига «Рома» мухлислари ўзбекистонлик футболчини қаршилаб изоҳлар қолдиришмоқда.

«Рома» раҳбарияти «Лейпциг»нинг норвегиялик форварди Александр Сёрлотни трансфер қилишни истаган, аммо Моуриньо унга «Зенит»нинг эронлик ҳужумчиси Сардор Озмун ёки Шомуродовдан бири кераклигини айтган. Эронлик форвард учун айни вақтда «Байер» асосий даъвогар бўлиб турибди. 

Италиялик яна бир журналист Фабрицио Романо «Рома» Озмун трансферини амалга ошира олмаса, бор эътиборини Шомуродовга қаратиши ҳақида хабар берганди. Унинг маълумотига кўра, римликлар клуби Элдор учун 15 миллион евро таклиф қилган, «Женоа» эса форвардини 20 миллион еврога қўйиб юбориши мумкинлигини билдирган. 

Маълумот учун, Элдор ўтган мавсумда «Женоа» сафида барча турнирлар доирасида 32 ўйинда майдонга тушиб, 8та гол ва 2та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2020 йилда «Ростов»дан «Женоа»га 7,5 миллион евро эвазига ўтган ва итальянлар клуби билан 2024 йилга қадар шартнома имзолаганди.

Top