14:55 / 10.10.2021
1216
Самарқандда Nexia кўчани кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Вояга етмаган 10 ёшли бола вафот этди
Фото: Telegram /yhxbb_uz

Самарқанд вилояти Булунғур туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида Nexia машинаси пиёдани уриб юборган. Оқибатда вояга етмаган бола вафот этган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 6 октябрь куни соат 17:50ларда давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-238 Самарқанд-Булунғур йўлининг Булунғур тумани Қўнғирот маҳалласи ҳудудидан ўтган 16-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қайд этилишича, Nexia ҳайдовчиси йўлни кесиб ўтаётган тумандаги 54-мактаб ўқувчиси, вояга етмаган 10 ёшли болани уриб юборган. Оқибатда, оғир тан жароҳатлари олган бола тез тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамасдан шифохонада вафот этган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, йўлда ҳаракатланаётган машиналардан бири кўчани кесиб ўтаётган мактаб ўқувчисини ўтказиб юбориш учун тўхтаган. Шу пайт катта тезликда келган Nexia эътиборсизлик билан тўхтамасдан ҳаракатланган ва болани уриб юборган.

Таъкидланишича, Қўнғирот маҳалласида туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари, маҳалла мутасаддилари, ота-оналар ҳамда 54-мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирокида содир бўлган ҳодиса юзасидан муҳокама ўтказилган. Муҳокамада ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларини бузмаслик, ота-оналарга эса фарзандларига эътиборли бўлишлари уқтирилган.

Top