10:49 / 13.10.2021
511
Самарқандда халқаро йўлда ҳужжатсиз ҳолда трактор бошқариб кетаётган шахсларга чора кўрилди
Фото: Ўзагроинспексия ахборот хизмати

Самарқанд вилояти Оқдарё ва Пахтачи туманларида халқаро йўлда ҳужжатсиз ҳолда трактор бошқариб кетаётган шахсларга чора кўрилган. Бу ҳақда «Ўзагроинспексия»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 11 октябрда «Ўзагроинспексия»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамкорлигида қўшма рейд тадбирлари ўтказилган. Тадбир давомида қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш қоидаларини қўпол равишда бузиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, инспекциянинг Оқдарё туман бўлими томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро П.Э. ўзига тегишли бўлган «ТТЗ 80-10» тракторини иккита тиркамаси билан халқаро аҳамиятдаги йўлда тегишли ҳужжатларсиз бошқариб келаётгани аниқланган.

Бундан ташқари, Пахтачи туманидаги Обод маҳалласи ҳудудида ўтказилган мониторинг давомида фуқаро Х.И. ўзига тегишли «ТТЗ-80» русумли тракторни халқаро аҳамиятдаги йўлда йиллик техник кўрикдан ўтказмасдан, огоҳлантирувчи чироқлари носоз ҳолда бошқараётгани аниқланган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси тегишли қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Top