Яккабоғ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасановнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳодиса 2021 йил 7 ноябр куни содир бўлган. Якшанба, дам олиш куни бўлгани учун машина йўл-транспорт ҳодисасига учраган пайтда унинг ичида туман ҳокими бўлмаган.
Captiva машинасини бошқариб кетаётган ҳокимнинг ҳайдовчиси бошқа машинага йўл бераман деб рулни кескин бурган ва пастликка тушиб кетган. Ҳодиса оқибатида ҳеч кимга жиддий жароҳат етмаган. Машина жиддий шикастланган.
Яккабоғ тумани ҳокими Captiva машинасини жорий йил май ойида 311 миллион сўмга сотиб олиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Бунга сабаб Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида туман ва шаҳар ҳокимлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи – БҲМнинг 1000 баравари (ҳозир 245 миллион сўм)дан ошмаслиги айтилган.
Ўшанда вилоят ҳокимлиги муносабат билдирган ва Яккабоғда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига зид равишда 311 миллион сўмга Captiva машинаси сотиб олинаётганига изоҳ берганди.
«Қарорнинг 1-иловасида «Бориш қийин бўлган ва тоғли туманлар ҳокимлари учун хизмат автотранспорт воситасини харид қилишда двигателнинг энг юқори қуввати 3 000 см3 гача оширилишига рухсат этилади», деб қўшимча қилиб кетилган. Яккабоғ туманининг 62,7 фоиз майдони тоғли ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли «Каптива» автомашинаси харид қилиш қонунга зид эмас, деб топилган», дейилганди вилоят ҳокимлиги муносабатида.











