09:41 / 03.12.2021
6400
Якшанба куни ёмғир ёғиши ва ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда

Иссиқ кунлардан сўнг бугун шимоли-ғарбий ҳудудларга Кавказ ҳудудларидан антициклон кириб келади, қолган ҳудудлар ҳали ҳам иссиқ секторда бўлади. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар қилмоқда.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 15-20 даража илиққача кўтарилади.

Эртага Бухоро, Навоий вилоятларида кучсиз ёмғир ёғиши сақланиб туради, қолган ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат фони пасаяди ва кечаси 5-10 даража илиқни, кундуз куни 9-14 даража илиқни ташкил этади.

Якшанба куни салқин ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати шу куннинг меъёрий қийматларига нисбатан янада пасаяди ва кечаси 2-7 даража илиқни, кундуз куни 5-10 даража илиқни ташкил этади, шимолда кечаси 3-8 даража совуққача, кундуз куни 0-5 даража совуққача бўлади.

Шанба ва якшанба кунлари кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.

Top