08:15 / 02.02.2022
2042
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби эълон қилинди
Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар малакали тиббий хизматдан фойдаланишда Ўзбекистон фуқаролари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.

Тиббий ёрдам учун мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • бепул шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам ва тез тиббий ёрдам олиш;
  • пулли асосда режали тиббий ёрдам олиш;
  • тиббий ташкилотни ихтиёрий тиббий суғурта шартномалари ва пулли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шартномалар асосида танлаш;
  • санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда текширувдан ўтиш ва даволаниш;
  • бепул ва ўрнатилган тартибда пулли асосда мутахассис шифокорлар маслаҳатларини олиш;
  • мавжуд усуллар ва дори-воситалари ёрдамида тиббий ёрдам олиш;
  • тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланишини талаб қилиш (қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно);
  • тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш;
  • ўз ҳуқуқ ва бурчлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек соғлиғининг ҳолатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда тақдим этиш мумкин бўлган шахсларни танлаш;
  • ихтиёрий тиббий суғурта доирасида тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланиш;
  • тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрни қонунда белгиланган тартибда қопланиши;
  • шифохонада бажарилиши мумкин бўлган диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ёки ибодат қилиш;
  • ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил чақиртириш.

Муассасада тиббий ёрдам учун мурожаат этганда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мажбуриятлари:

  • ўз соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш, уни сақлаш, мустаҳкамлаш ва тиклаш бўйича ўз вақтида чоралар кўришга;
  • тиббиёт ходимларини камситмаслиги, тажовуз қилмаслиги, ҳақорат қилмаслиги, ўзаро ҳурматда бўлишга;
  • танланган даволаш тактикасини амалга ошириш учун зарур бўлган тиббиёт ходимларининг тавсияларини бажариш, тиббий хизмат кўрсатишда тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлик қилишга;
  • ўзида тиббиёт ходимларига жамоат саломатлиги учун хавф туғдирадиган касалликлар, одамнинг иммунитет танқислиги вируси мавжудлиги тўғрисида хабар бериш, шунингдек бошқа одамлар билан алоқада бўлганда эҳтиёт чораларини кўришга;
  • тиббиёт ходимларни унда олдин аниқланган дори-дармонларни қабул қилишга муросасизлик бўлганлиги, наслий ва олдинги касалликлар, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, шунингдек соғлиғидаги ўзгаришлар ҳақида хабардор қилишга;
  • беморлар учун ўрнатилган ички тартиб қоидаларга риоя қилишга, соғлиқни сақлаш ташкилотининг мулкига ғамхўрлик қилишга мажбур.
Top