Президент “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:
- давлат тиббиёт муассасаларида, жумладан, ҳар бир поликлиникада, доривор ўсимликлар воситасида даволашга мўлжалланган халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилинади;
- Тошкент тиббиёт академиясининг клиникаси қошида Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг 40 ўринли даволаш бўлими ва ҳудудларда филиаллари фаолияти йўлга қўйилади;
- 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб халқ табобатини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ибн Сино илмининг билимдонлари” танлови ўтказилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
- 2022 йил 1 июндан бошлаб самараси исботланган доривор ўсимликларни босқичма-босқич тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва протоколларига киритиш. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан янги яратилган ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этилган дори воситаларининг тиббиёт амалиётида кенг қўлланилишини таъминлаш мақсадида клиник протоколлар, диагностика ҳамда касалликларни даволаш стандартлари ҳар олти ойда қайта кўриб чиқилади;
- уч ой муддатда барча давлат тиббиёт таълим муассасаларида доривор ўсимликлар ва халқ табобати бўйича таълим беришга йўналтирилган кафедраларни ташкил этиш бўйича таклиф киритиш;
- шифокорларни доривор ўсимликлар ва халқ табобати усуллари асосида даволаш бўйича қайта тайёрлаш ва ихтисослаштиришни ҳамда терапевт, умумий амалиёт ва оилавий шифокорларни тайёрлашда чуқурлаштирилган ўқитишни ташкил этиш;
- давлат тиббиёт муассасаларида, жумладан, ҳар бир поликлиникада доривор ўсимликлар воситасида даволашга мўлжалланган халқ табобати хоналари ва фитобарларни ташкил қилиш;
- Тошкент тиббиёт академиясининг клиникаси қошида Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг 40 ўринли даволаш бўлими ва ҳудудларда филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш;
- 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб халқ табобатини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ибн Сино илмининг билимдонлари” танловини ўтказиш;
- тиббиёт амалиётида самараси исботланган ва асосий дори воситалари рўйхатига киритилган доривор ўсимликлар ва улардан тайёрланган дори воситаларининг давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан харид қилиниши чораларини кўради.



