07:36 / 28.06.2022
13025
Moody's Россия ташқи қарз бўйича дефолтга учраганини эълон қилди 

Moody's таърифига кўра, Россия ташқи қарз мажбуриятларини бажармаган. Купон тўловлари бўйича имтиёзли давр тугади ва облигациялар эгалари пул олмаган.

Фото: IMAGO

Moody's халқаро рейтинг агентлиги 27 июнь, душанба куни Россия ташқи қарзи бўйича дефолтга йўл қўйганини маълум қилди, чунки купон тўловлари бўйича имтиёзли давр тугаган ва Россия суверен қарзи эгалари икки дона евробонд купонлари бўйича 100 миллион долларлик тўловларни олмаган.

Аввалроқ Bloomberg шунингдек, «Россия-26» ва «Россия-36» давлат облигациялари бўйича муддати ўтган тўловларни сўндириш учун 30 кунлик имтиёзли давр тугагани сабабли, Россия 1918 йилдан бери биринчи марта ташқи қарз бўйича дефолтга учраганини таъкидлаганди. 

Гап 1998 йилда бўлган банкротлик ҳақида кетмаяпти. Россия ғазнаси тўла, бироқ Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши муносабати билан ғарб томонидан киритилган санкциялар туфайли Кремль хориждаги қарзларини тўлашда муаммоларга дуч келмоқда.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков дефолт ҳақидаги баёнотни «мутлақо ноқонуний» деб атади, чунки Россия май ойида тўловни амалга оширган. «Euroclear клиринг маркази бу пулни ушлаб қолгани, уни олувчиларга топширмагани, бу - бизнинг муаммоларимиз эмас», деди Песков.

Расмий равишда дефолт эълон қилинмайди - бу одатда халқаро рейтинг агентликлари томонидан амалга оширилади, бироқ уларнинг барчаси Россиядаги фаолиятини тўхтатиб қўйган, деб таъкидлайди Bloomberg. 

Top