14:07 / 24.07.2022
11469
Манба: Роналду «Атлетико»га ўтишга рози, «МЮ» уни ижарага бериши мумкин

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду ижара асосида бошқа клубга ўтиши мумкин.

Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду фаолиятини Испания Примеросида давом эттириши мумкин. Daily Mail нашри хабар беришича, 37 ёшли футболчининг хизматларига Мадриднинг «Атлетико» клуби қизиқиш билдирмоқда.

Манба маълумотига кўра, португалиялик футболчи «матрасчилар» сафига ўтишга розилик берган. Аммо бу трансфер амалга ошиши учун мадридликлар клуби қайсидир асосий футболчисини сотиши керак бўлади.

The Times нашрининг ёзишича, клуб маошлар ведомостини қисқартириш учун Гризманни сотиши мумкин.

Роналдунинг «Атлетико»га ўтишига тўсиқлардан бири клуб мухлисларининг Криштиануга муносабати ҳисобланади, форвард аввал Мадриднинг бошқа бир жамоаси «Реал»да ўйнаганида мухлислар уни ёқтирмай қолишган.

Аввалроқ, Роналду «МЮ»ни тарк этишни истаётгани маълум бўлганди. Криштиану Чемпионлар лигасида иштирок этувчи клуб сафига ўтишни истамоқда, шунингдек, уни «қизил иблислар»нинг трансферлар бозоридаги ҳаракати қаноатлантирмаяпти. 37 ёшли португалиялик «Ман Юнайтед» билан мавсумлар оралиғидаги турнега бормаган.

Роналду «Манчестер Юнайтед»га 2021 йил ёзида қайтганди. Унинг амалдаги шартномаси муддати 2023 йил охирига қадар тузилган.

Mirror нашри маълумотига кўра, инглиз клуби раҳбарияти 37 ёшли португалиялик футболчисини сотишни истамаяпти. «Қизил иблислар» Роналду клуб билан шартноман 2024 йилга қадар узайтириш ҳақидаги бандни ишга туширишини, шундан кейин 2022/2023 йилги мавсум якунигача ижарага йўл олишини исташмоқда.

«Манчестер Юнайтед»дагилар олдинда турган мавсум якунида Чемпионлар лигасига йўлланма қўлга киритишига, Роналду эса жамоага қайтиб, 2023/2024 йилги мавсумда жамоага ёрдам беришига умид қилмоқда.

Top