Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда 2022-2026 йилларда уруғчилик ва кўчат етиштиришни ривожлантириш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Президент фармони билан тасдиқланган йўл харитасига асосан уруғчилик ва кўчат етиштиришни ривожлантириш миллий дастури ишлаб чиқилган.

Қуйидагилар миллий дастурни амалга ошириш устувор йўналишлари этиб белгиланади:

  • қишлоқ хўжалиги экинлари нав муаллифлари ва нав оригинаторларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини юқори ҳосилдор, сифат кўрсаткичи жаҳон андозалари талабларига мос бўлган навларни белгиланган тартибда хориждан олиб келиш ва маҳаллий навлар ҳамда дурагайларни яратиш;
  • соҳада фаолият кўрсатадиган илмий муассасалар ва уруғчилик хўжаликлари кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;
  • кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва кадрлар малакасини ошириш юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хорижий экспертларни жалб қилиш;
  • in-vitro лабораториялари сонини 6 тадан 10 тага етказиш ҳисобига йилига ўртача 26 млн дона вирусдан холи маҳаллий, хорижий селекцияга мансуб мева ва узум навлари кўчатларини тайёрлаш;
  • уруғликларни етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш борасидаги инфратузилмани моддий-техник ресурслар билан таъминлаш ҳамда хизматлар кўрсатиш тизимини ривожлантириш;
  • уруғчилик ва кўчатчиликда истиқболда эришиш кўзда тутилган индикаторларни аниқлаш ҳамда инвестиция учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
  • қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва мевали дарахтлар кўчатлари билан ички эҳтиёжни тўлиқ қондиришни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариш тизимини яратиш, сифатли уруғликлар ва кўчатлар экспорти ҳажмини ошириш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг:

  • Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини ривожлантириш миллий маркази тасарруфида Ўзбекистон - Сербия қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги илмий маркази;
  • Туркиянинг Газиантеп пистачилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда Тошкент давлат аграр университети ҳузурида Ўзбекистон - Туркия пистачилик илмий марказини ташкил этиш таклифига розилик берилади.