16:44 / 06.10.2022
14092
WSJ: Украина Ғарб давлатлари Киевга етказиб берганидан кўпроқ оғир қуролларни ўлжа қилиб олди
Фото: The Wall Street Journal

Россия армияси жанг майдонида ва чекиниш вақтида жуда кўп миқдорда ҳарбий техника ва қуроллар қолдирган, The Wall Street Journal нашри очиқ манбалар таҳлили ва ҳарбий амалдорларга таяниб хабар беришича, бу уруш бошланганидан буён Украинага Ғарбнинг исталган давлатидан келган ёрдам ҳажмидан кўпроқдир.

Oryx таҳлилий лойиҳасига кўра, Украина қуролли кучлари россияликларнинг 460 танкини (Ғарб давлатлари 320 та танк етказиб берган), 92 та ўзиюрар қуроллар, 448 та жанговар пиёдалар машиналари (Ғарбдан 210 та келган), 195 та жанговар зирҳли машиналар (Ғарбдан40 та келган) ва 44 та ракета тизимлари (Ғарбдан 70 та келган)ни ўзлаштирган. WSJ бу маълумотлар очиқ манбаларга асослангани, аслида эгаллаб олинган техникалар миқдори бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигига эътибор қаратган.

«Бизда ўлжалар шунчалик кўпки, уларни нима қилишни билмаймиз. Биз пиёдалар батальони сифатида бошлагандик, энди, афтидан механизациялашган батальон бўламиз», дейди «Карпатская сечь» батальони штаб бошлиғи ўринбосари Руслан Андрейко.

Шу билан бирга, Oryx таҳлилчиси Якуб Яновский қайд этишича, россияликлардан ўлжа қилиб олинган қуролларнинг фақат бир қисминигина жангларда қўллаш мумкин: «Улар қўлга киритаётган техникаларнинг бир қисмидан жуда самарали фойдаланиш мумкин бўлса-да, қолган қисмини фақат музейларда сақлаш мумкин».

Аммо, WSJ хабарига кўра, сўнгги ойларда Украина қуролли кучлари россияликларнинг Т-90 танклари ва БТР-82 зирҳли транспортёрлари каби нисбатан замонавий ҳарбий техникаларини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Украина миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Олексий Даниловнинг айтишича, кўп ҳолларда ўлжа олинган йирик техникалар моддий-техник таъминот қўмондонлиги орқали тақсимланади, енгил қуроллар ва ўқ-дориларни эса уларни қўлга киритган бўлинмаларнинг ўзи ишлатиши мумкин. Аммо «Карпатская сечь» батальони ўзиюрар гаубицаларни бошқа бўлинмаларга топширган ҳолда экипаж топилган танкларни ўзида олиб қолишга муваффақ бўлган. Ҳозирда танклар батальонга бириктирилган ва мунтазам равишда ўқ-дори ва ёнилғи билан таъминланмоқда. 

  • BBC сентябр ойи бошида уруш бошидан буён Украина Ғарб давлатларидан 15 миллиард долларлик қурол-яроғ қабул қилиб олгани ҳақида хабар қилганди. Бу борада етакчилар АҚШ (8,79 миллиард), Польша (1,83 миллиард), Буюк Британия (1,36 миллиард) ва Канада (950 миллион) бўлган. 
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top