Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтувчи энергия ресурслари устидан назорат кучайтирилади, дея хабар бермоқда Spot.

Қайд этилишича, бу бўйича Қозоғистон Парламент Мажилисининг ялпи мажлисида тегишли қонун лойиҳаси кўриб чиқилган.

Гап 2021 йилнинг 6 декабрида Остонада имзоланган «Қозоғистон ҳукумати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Қозоғистон-Ўзбекистон божхона чегараси орқали энергия ресурсларини қувур йўли транспорти ва электр линияси орқали ўтказиш жараёнида қўшма божхона назорати тўғрисида»ги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳақида кетмоқда.

Битимнинг мақсади — Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан қувур йўли ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган энергия ресурсларини назорат қилиш самарадорлигини оширишдан иборат.

«Ҳужжат икки давлатнинг божхона чегараси орқали қувур йўли транспорти ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган энергия ресурсларининг биргаликда божхона назоратини ташкил этишни назарда тутади», — деди бош вазир ўринбосари — молия вазири Ерулан Жамаубаев.

Унинг сўзларига кўра, келишув энергия ресурсларини божхона декларацияси ва божхона назорати бўйича тажриба, божхона иши соҳасидаги давлатларнинг миллий қонунчилиги талаблари бузилиши тўғрисидаги маълумотлар билан алмашишни белгилайди.