Хитой фуқароси Македонский даврига оид тангани Ўзбекистондан яширинча олиб кетмоқчи бўлди. Бу ҳақда «Тошкент—АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси ахборот хизмати хабар берди.

Ҳолат Тошкент халқаро аэропортида 12 июл куни соат 01:05 ларда содир бўлган. Чегара-божхона пости ходимлари томонидан «Тошкент—Урумчи» йўналиши бўйича учиб кетаётган Хитой Халқ Республикаси фуқароси С. Ж. га тегишли йўл сумкалари божхона кўригидан ўтказилган.

Йўловчининг сумкасида божхона назоратига тақдим этилмаган, жами 1 дона милоддан аввалги тахминан III асрда зарб қилинган Македонский сурати туширилган оқ рангли металлдан ясалган қадимий танга борлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.