Қайд этилишича, университет аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг кампусдаги фаоллик борасидаги талабларини бажармаслигини билдирган.

11 апрел куни Трамп маъмурияти Ҳарвард университетига мактуб йўллаб, университет бошқарувида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш, шунингдек, қабул сиёсатини ўзгартиришга чақирди, деб ёзади AP. Агентлик маълумотларига кўра, Трамп маъмуриятининг Ҳарвардга қўйган талаблари, шунингдек, университет, профессор-ўқитувчилар ва раҳбариятнинг хилма-хиллик ҳақидаги қарашларини кўриб чиқиш ва кампусда ниқоб кийишни тақиқлашни ўз ичига олади. Журналистларнинг фикрича, охирги талаб аниқ Фаластин тарафдори намойишчиларга қаратилган.

Бундан ташқари, АҚШ федерал ҳукумати университетдан «жиноий фаолият, ноқонуний зўравонлик ёки ноқонуний таъқибларни қўллаб-қувватловчи ёки тарғиб қилувчи ҳар қандай талаба гуруҳлари ёки клубларини» тан олишни ёки молиялаштиришни тўхтатишни талаб қилди, дейилади нашрда.

Федерал ҳукумат, агар Ҳарвард ўз сиёсатини Трамп маъмурияти талабларига мувофиқлаштирмаса, 9 миллиард долларлик грант ва шартномалар хавф остида қолишини билдирди.

Ўз навбатида, Ҳарвард университети президенти Алан Гарбер 14 апрел куни университет ҳукумат талабларини бажармаслигини айтди.