Ўзбекистон элчихонаси ва Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижасида ушбу мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган C гепатитига қарши дори воситаларининг жорий йилдаги иккинчи партияси олиб келинди.

Қайд этилишича, Миср томони умумий қиймати 114 минг 829 АҚШ доллари бўлган 28 қутида 7440 дона C гепатитига қарши «Софосбувир-400мг» дори воситасини беғараз тақдим этган.

7 июн куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик кўмаги сифатида ажратилган C гепатитига қарши воситаларини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берган.

Ушбу дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморларга тақсимланади.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, 2023-2024 йилларда Миср ҳукумати томонидан мамлакатга C гепатитига қарши курашиш учун умумий вазни 12,4 тонна бўлган «Даклатасвир» ва «Софосбувир» дори воситалари 27 партияда инсонпарварлик кўмаги сифатида берилган.

Мазкур дори воситаларининг умумий қиймати 1,4 миллион АҚШ долларига тенг.