Адлия вазирлиги томонидан “Давлат хизматлари ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3707, 2025 йил 21 ноябр).

Мазкур Низомда Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби аниқ белгилаб берилган. Унга кўра, Давлат хизматлари ягона реестри Адлия вазирлиги томонидан шакллантирилади ва юритилади.

Давлат хизматлари ягона реестри “Давлат хизматлари” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимида юритилади. Реестр доирасида ҳар бир давлат хизматининг алоҳида “паспорти” юритилиб, унда хизмат тури, кўрсатиш тартиби, зарур ҳужжатлар, муддатлар ва бошқа муҳим маълумотлар акс эттирилади.

Давлат хизматини ягона реестрга киритиш ёки ундан чиқариш, шунингдек, хизмат бўйича маълумотларга ўзгартириш киритиш тегишли давлат хизматини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Низомга кўра, Давлат хизматлари ягона реестридаги маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ ҳисобланади. Бу эса фуқаролар ва бизнес вакилларига давлат хизматлари ҳақида ишончли, янгиланиб борувчи ахборотни бир жойдан олиш имконини яратади.