Кувайт пойтахтида дрон зарбасидан кейин осмонўпар бинода кучли ёнғин чиққан. Хабарларга кўра, бу бинода мамлакат ижтимоий суғурта хизмати офиси жойлашган. Кувайт мудофаа вазирлиги Эроннинг пойтахт томон учирилган учта баллистик ракетаси уриб туширилганини хабар қилган.

Кейинроқ маҳаллий ҳукумат икки нафар ўт ўчирувчи «хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида» ҳалок бўлганини маълум қилди, аммо уларнинг ўлими тафсилотлари келтирилмаган.

Эрон нашрларига кўра, бу бинода Америка армияси бошқарув пунктларидан бири жойлашганди.

Баҳрайнда эса уч киши Эроннинг уриб туширилган ракетаси парчалари тушиши оқибатида яралангани ҳақида хабар берилди. Ракета парчалари университет биносига ҳам зарар етказган. Кейинроқ расмийлар Эрон дрони сувни чучуклаштириш қурилмасига ҳам зарар етказганини хабар қилди.

АҚШ ва Исроил Эронга 28 февралдан ҳаво зарбалари беришни бошлади. Бунга жавобан Теҳрон Исроилга ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари ҳисобланган мамлакатларга зарбалар бермоқда. Эрондагилар фақат Америка ҳарбий объектларини нишонга олганини айтиб келади, аммо мунтазам равишда ушбу мамлакатлардаги фуқаролик объектларига ҳам ҳужумлар бўлаётгани ҳақида хабар берилмоқда.

7 март куни Эрон президенти Масъуд Пизишкиён агар қўшни давлатлар ҳудудларидан Эронга ҳужум қилинмаса, Эрон ҳам қўшни давлатларга ҳужум қилмаслиги ва ракета учирмаслигини айтди. У шунингдек Форс кўрфази мамлакатларидан сўнгги ҳафта давомидаги зарбалар учун узр сўраганди.

8 март куни Пизишкиён ўз баёнотлари «қўшнилар билан келишмовчилик келтириб чиқармоқчи бўлган душман томонидан нотўғри талқин қилингани»ни айтиб чиқди. «Биз биродар эканимиз ва қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишимиз кераклиги бир неча бор айтилган. Бироқ биз ҳужумларга жавоб беришга мажбурмиз, аммо бу бизда [қўшни] мамлакат билан низо бор ёки биз унинг халқини хафа қилмоқчимиз дегани эмас», – деган Пизишкиён.