Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида хизмат вазифасини бажараётган сув таъминоти ходими калтакланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Аниқланишича, 9 март куни «Фарғона сув таъминоти» корхонасининг Ўзбекистон тумани филиали инспектори Д.С. Сочтепа кўчасида жойлашган хонадонлардан бирига борган. Ушбу хонадонда сув таъминоти ҳолатини ўрганиш давомида рўйхатдан ўтказилмаган ҳисоблагич мавжудлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима қўлланилиши ҳақида маълум қилинган вақтда шу хонадонда яшовчи Ф.П. хизмат вазифасини бажараётган инспекторга қаршилик қилиб, жанжаллашган. Жанжал давомида Ф.П. ёғоч бўлаги билан инспекторнинг бошига уриб, тан жароҳати етказган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Ф.П. процессуал тартибда ушланган. Прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.









