14:32 / 11.02.2024
27624

“Дорихўрлик”ка муносабат, МФЙлардаги кампания ва Ортиқхўжаевнинг ОАВга ҳақорати — ҳафта дайжести

Шавкат Мирзиёев врачларнинг фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиши ҳақида гапирди. Ўзбекистон ва Беларус президентлари Амирсойда чанғи учди. Олий таълимда ўқимасдан туриб, бакалаврга тенг даража олиш мумкин бўлади. Республика бўйлаб маҳалла ходимларига давлат мадҳиясини айттириш кампанияси кетяпти. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

“Антибиотик қабул қилиш устидан умуман назорат йўқ”

Ўзбекистонда шифокорлар аҳолига ҳаддан ташқари кўп антибиотик ёзиб бериши масаласи бевосита давлат раҳбари томонидан ҳам айтилди. “Антибиотик қабул қилиш устидан умуман назорат йўқ. Протоколларга амал қилмасдан, пул ишлаш учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти. Бундан халқимизнинг соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўраяпти”, – деди Шавкат Мирзиёев 5 феврал кунги селекторда.

Президент хорижий экспертлар жалб қилиб, 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш, касаллиги енгил беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволаш кераклигини айтди. Давлат раҳбари тиббий суғуртани жорий қилиш пайсалга солиб келинаётганини танқид қилиб, бу тизимни йил охиригача Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида жорий этиш бўйича кўрсатма берди.

Йиғилишда тиббиёт соҳасига кадрларни ишга олишни шаффоф шаклга ўтказиш, “электрон поликлиника” ва “электрон тиббий карта” тизимларини ишга тушириш, кафолатланган пакетга кирувчи дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйиш орқали соҳани рақамлаштириш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, саратонга чалинган беморларни 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилиб, бюджетдан етарлича пул ажратилаётганига қарамай, бу дорилар беморларга тўлиқ етказиб берилмаяпти. Натижада айрим беморлар бу дориларни дорихонадан 10 баробар қиммат нархга сотиб олишга мажбур бўляпти. “Мана, фармацевтикадаги ўйинлар! Бу фақат онкологияда. Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли”, деди президент. Бу борада Бош прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли топшириқлар берилди.

Ҳафта бошида Давлат хавфсизлик хизмати берган хабардан маълум бўлишича, фармацевтикадаги қинғирликлар фақат шулардан иборат эмас. Наманганда “Зодак”, “Анаферон”, “Хилак Форте” ва “Витамин B6” номли қалбаки дориларни тайёрлаб сотиш билан шуғулланган шахс қўлга олинган. Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлимида фелдшер бўлиб ишловчи шахс бир неча минг қутида тайёрлаган қалбаки дорилар Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилган. Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази бу дорилар бўйича аптекаларга огоҳлантириш эълон қилди. Марказнинг маълум қилишича, биргина январ ойининг ўзида 408 та ҳолатда ушланган дорилар экспертизадан ўтказилиб, 10 мингдан ортиқ ўрамдаги препаратлар ва тиббий буюмларни тиббий амалиётда қўллаш мумкин эмаслиги аниқланган.

Айни пайтда Тошкентда “Док-1 Макс” иши бўйича суд процесси 6 ойдан бери давом этяпти. 5 феврал кунги мажлисда суд тергови якунлангани маълум қилинди. Энди музокара босқичига ўтилади. Унда прокурор, жабрланувчилар, ҳимоячилар ва судланувчилар сўзга чиқади. 23 нафар судланувчидан бири – Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев суд жараёни бошидан буён айбсиз экани, унга босимлар бўлганини айтиб келмоқда. Кариевга кўра, бу ҳолатда дорининг Ўзбекистонга кириб келишини тўхтатиш имконсиз бўлган, чунки миллий қонунчиликда ҳам, халқаро стандартлар бўйича ҳам сироплар таркибидаги ёт моддаларни текшириш кераклиги кўрсатилмаган.

Ўтган ҳафта Давлат фармакопеяси бош муҳаррири Ҳабибулла Жалилов ҳам шунга яқин версияни айтганди. Унинг сўзларига кўра, этиленгликол “Док-1 Макс”нинг хомашёсида текширилиб, Ҳиндистондаги ишлаб чиқарувчи томонидан тўхтатилган бўлиши керак эди. “Ишлаб чиқариш жараёнида қилинадиган ишни тайёр препарат ҳолатида аниқлаб бўлмайди, чунки дорини тайёрлашда 12 хил модда аралаштирилади, ҳар битта модда тоза вақтида хомашёси таркибидаги қўшимчалар ва примислар миқдорини аниқлаш имкони бор, лекин ҳаммаси аралашиб кетганидан кейин бунақа имконият бўлмайди”, деган фармакопея бош муҳаррири.

Таълимда кутилаётган ўзгаришлар

Душанба кунги селекторда таълим соҳаси бўйича ҳам бир қатор янгиликлар эълон қилинди. Президент ўзгаришлар ҳақида сўз очишдан олдин, PISA имтиҳони натижалари таълимдаги ҳақиқий аҳволни кўрсатиб берганини айтди.

“Мана, математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари буни аниқ кўрсатди. Ёки Умарова 500 та мактабда янги баҳолаш тизимини жорий этиб, ҳақиқий билим қай даражада эканини кўрди. Сабаби таълим дастурларидаги ёндашув замон талабига мутлақо мос эмас”, – деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, Сингапур тажрибаси асосида ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича электрон платформа яратилади. Сингапурлик экспертлар билан ҳамкорликда математика, физика, кимё, биология ва чет тиллари бўйича тренерлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Кейин бу тренерлар мактаб ўқитувчиларига замонавий методикаларни ўргатади.

2024 йилда Президент мактабларидаги таълим дастури яна мингта мактабда йўлга қўйилади; бу мактабларни замонавий кўринишга келтиришга эса ҳокимлар масъул бўлади. Ўтган йили мактабларга чет элдан 500 нафар тил эгалари олиб келинган бўлса, энди бу амалиёт кенгайтирилиб, хорижлик ўқитувчилар барча мактабларга жалб қилинади. 10-11 синф ўқувчилари қўшимча фан сифатида хорижий тилни танласа, уларга инглиз тилидан ташқари иккинчи хорижий тил ҳам ўқитилади.

Янги талабга кўра, ўқувчилар 11-синфни битираётганда ҳеч бўлмаса битта ҳунар эгаси бўлиши керак. Бунинг учун мактабларга касбий таълим усталари ишга олинади; болаларга касб ўргатиш бўйича ўқув дастурлари яратилади; тадбиркорлар билан бирга мактабларда ҳар хил устахоналар очилади.

Коллеж ва техникумларда эса кредит-модул тизими жорий этилиб, 2 йил давомида етарли кредит тўплаган ўқувчилар олийгоҳга иккинчи ёки учинчи курсга қабул қилинади. Коллеж-техникумларни битириб, 2-3 йил ишлаган ёшларга имтиҳон топшириш орқали бакалаврга тенг малака даражасини олиш имкони берилади.

Маҳалла ходимларидан мадҳия айтиб, ҳисобот-видео топшириш сўралмоқда

Ўзбекистон бўйлаб маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида маҳалла раислари ва ходимлар ҳар куни соат 7:30 да давлат мадҳиясини айтяпти. Kun.uz манбаларига кўра, бундай топшириқ “юқоридан”, оғзаки тарзда берилган. Топшириққа биноан, маҳалла ходимлари ҳар куни мадҳия ижро этилган ҳолатни видеога олиб, Telegram орқали ҳисобот тарзида юбориб туриши керак.

“Масъулларнинг бу топшириғини шунчаки кўзбўямачилик, тўғрироғи “галочка” учун қилинган иш дейиш мумкин. Сабаби, республикада ўнг мингга яқин маҳалла бор. Ҳар куни шунча маҳаллада мадҳия айтилдими ёки йўқлигини текшириб ўтириш, улар ташлаган видеолавҳаларни тинглаб кўриш деярли имконсиз”, – деди биз билан суҳбатда исмини ошкор қилишни истамаган маҳалла раисларидан бири.

Бундай топшириқни ким бергани маълум эмас. Бу борада расмий изоҳлар ҳозирча йўқ. Бу ўринда, маҳаллаларда мадҳия куйлаш тадбирлари Ўзбекистон Маҳаллалар ушмаси ташкил этилганидан кўп ўтмай рўй бераётгани эътиборни тортади. Январ ойи ўрталарида янги уюшманинг раиси лавозимини Қаҳрамон Қуронбоев эгаллаган эди.

Ҳафта давомида маҳаллалар билан боғлиқ яна бир ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди. Kun.uz'га маълум бўлишича, Навоий вилоятида маҳаллаларга тарқатиш учун “Шарманда доскалари” тайёрланган. Кармана тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Набижон Чўлиевнинг айтишича, доскаларнинг номи хато кетгани учун ўзгартирилади. Унинг аниқлик киритишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги қарорларидан бирида, суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахснинг сурати у содир этган жиноят ҳақидаги маълумот билан бирга маҳалла идорасидаги эълонлар тахтасига бир ойга жойлаштирилиши белгиланган.

“Жойларда фирибгарлик ҳолатлари кўпаймоқда. Айрим маҳаллаларда одамлар ўша маҳаллада яшовчи, фирибгарлик жиноятини содир қилган шахсни танимасдан, унга алданиб қолишяпти. Шунинг учун, низом талабларини бажариб, шундай шахслар ҳақидаги маълумотни белгиланган тартибда эълонлар тахтасига илдириб қўямиз”, – деди ИИБ бошлиғи ўринбосари.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова бу тартибга қарши чиқди. Омбудсманнинг позициясига кўра, маҳаллалардаги эълон тахталарига айбдор деб топилган шахснинг фотосурати ва у ҳақдаги маълумотларни жойлаштириш амалиёти Конституциянинг 26-моддасига зид. Бу моддада инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз экани, ҳеч нарса уни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Тошкент: Транспорт бошқармаси бошлиғи қамалди, Экология бошқармаси бошлиғи ишдан олинди

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев қамоққа олинди. У мансаб сохтакорлиги ва растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятларида гумонланяпти. Бир вақтнинг ўзида “Тошшаҳартрансхизмат” компаниясига ҳам раҳбарлик қилган Анвар Жўраев айни пайтда лавозимидан озод этилган. У январ ойи охирида транспорт соҳасининг бир нечта амалдорлари қаторида президентдан ҳайфсан олган эди.

Ҳафта давомида Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи ҳам ишдан олингани маълум бўлди. Бу лавозимда ишлаб келган Фарҳод Деҳқонов мораторийга қарамай шаҳарда тинимсиз дарахт кесишлар тўхтамаётгани учун бир ойга ишдан четлатилиб, бошқарманинг айрим ваколатлари Экология вазирлигига ўтказилган эди. Вазирнинг буйруғи билан, Деҳқоновнинг ўрнига унинг ўринбосари сифатида ишлаб келган Акмал Расулов пойтахт экологияси учун масъул этиб тайинланди.

Ўтган ҳафта “Тошкент” иссиқлик электр станцияси мазут ёқиб шаҳар ҳавосини ифлослантиргани учун 1 млрд сўм компенсация тўлашга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳафта “Янги Ангрен” ИЭС зиммасига ҳам 1 млрд сўмлик компенсация юклатилди. Аниқланишича, станциядаги чанг-газ тозалаш филтрларининг самарадорлиги 80 фоизга тушиб кетган. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти экология бошқармаси 11 нафар мансабдор шахсга чора кўриш бўйича ҳуқуқ органларига мурожаат қилган.

Аброр Мухтор Алийга – 15 сутка

Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан танилган блогер Аброр Абдуазимов ҳибсга олинган. Маълум бўлишича, у ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасликда айбланиб, 6 феврал кунги суд қарори билан 15 суткага қамалган. Суд қарорида ёзилишича, воқеа шу куни Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигида рўй берган жанжал билан боғлиқ. Блогер билан бирга Хусрав Насруллаев исмли шахсга ҳам жазо тайинланган. Улар 15 сутка маъмурий қамоқни ўташдан ташқари, 340 минг сўм жарима ҳам тўлайди. Судланувчиларнинг оилавий шароитидан келиб чиқиб, улар 15 сутка қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлардан озод қилган.

Kun.uz манбасига кўра, Аброр Абдуазимовнинг қўлга олиниши “кўча болалари”га қарши бошланган тадбирлар билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. У аввалроқ ўз видеоларидан бирида жиноий гуруҳ раҳбари “Саидазиз медгородок” ўзининг яқин укаси эканини айтган.

Ортиқхўжаевдан журналистлар шаънига навбатдаги ҳақорат

Тошкент шаҳри собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимдан олинганидан бери илк марта катта интервю берди. Ҳоким сифатидаги фаолияти ҳақида гаплашмаслик шарти билан “Лолазор” подкастида меҳмон бўлган бизнесмен журналистлар ва блогерларни “уюшган жиноий журналистика” деб атаб, ОАВга муносабати қанақалигини яна бир марта намойиш қилди.

“Эй, сизлар эшитинглар, ўзи гап бошқа ёқда”, дейишга ҳам улгурмайди одам. Сизларнинг анақанглар бор... ОПГ дейиладию, уюшган жиноий гуруҳмиди, шунга ўхшаб ОПЖ дейман, яъни уюшган жиноий журналистика. Битта ҳолатни айтиб берай. 16:47 да каналлардан бирида пост чиқади. Уни қайта териб чиқиш учун камида 3,5 дақиқа вақт керак. Роса ҳаракат қилганман. 16:47 дақиқанинг 37-сониясида ўша пост паққиллатиб ҳаммаларингда чиқади. Бу тасодифми?” деди у.

Тошкентни 5 йил бошқарган Ортиқхўжаев обуначиларининг сони бўйича журналист ва блогерларни умуман бошқа соҳа – шоу-бизнес вакиллари билан солиштиргани, маҳаллий журналист ва блогерлар ўз маҳсулотларини четга экспорт қила олмаслиги каби гаплари билан, эркин ахборот тарқатиш ва жамоатчилик назорати каби тушунчаларга муносабати қандайлигини ҳам кўрсатди. Умуман, ўтган якшанба куни эълон қилинган ва турли мавзуларни қамраб олган 3 соатлик суҳбат Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахсини кенгроқ очиб бергани билан медиа оламида сўнгги кунларнинг актуал мавзуларидан бири бўлди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Беларус президенти Александр Лукашенко 4 кунлик ташриф билан Тошкентга келди. Давлат раҳбарлари расмий тадбирлардан ташқари “Ҳумо” муз саройида ҳоккей ўйинини томоша қилди, Амирсой тоғ курортида чанғи учди. Музокараларда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда БЕЛАЗ компанияси билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этиб, оғир техникаларни маҳаллийлаштиришни таклиф қилди. Томонлар ўзаро савдони 1 мрлр долларга етказишга келишиб олди. Тошкент ва Минск биродар шаҳарлар деб эълон қилинди.

Импортга чекловлар камайтирилганидан кейин хориждан автомобил олиб кириш суръати 18 баробарга тезлашган. Маълум бўлишича, 2022 йилда енгил автомобиллар импорти 13 фоизга ўсган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 240 фоиз бўлган. Айниқса Хитойдан автомобил олиб кириш бир йилда 5 баробарга ошган; ўтган йили импорт қилинган 73 мингта автомобилнинг 58 мингтаси Хитой ҳиссасига тўғри келган. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январ бошлаб янги иномаркаларни фақат ишлаб чиқарувчининг дилерлари олиб кириши мумкин деган тартиб бекор қилинган эди.

Транспорт прокуратураси Panorama Airways мансабдор шахсларига устидан жиноий иш очди. Иш доирасида бир киши қамоққа олинган. Маълум бўлишича, хусусий авиакомпаниядаги муаммолар сабаб Умра зиёратига борган қарийб 4 минг ўзбекистонлик Саудия Арабистонида узоқроқ вақт қолиб кетган. Компания серияли муаммолардан кейин бошқарув ходимларини янгилаб, рейсларни қайта йўлга қўйгани ва минглаб фуқароларни ортга қайтара бошлаганини маълум қилди.

Тошкентдаги учта олийгоҳ бирлаштирилди. Президент қарори билан, Тошкент молия институти ва Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт Тошкент давлат иқтисодиёт университети таркибига киритилди. Университетга молия институти ректори Тўлқин Тешабоев ректор этиб тайинланди. “Нархоз”нинг аввалги ректори олий таълим вазири лавозимига кўтарилган эди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили “Нархоз” ва Молия институтини шаҳар марказидан чеккароққа кўчириш масаласи кўриб чиқилаётгани маълум бўлганди.

Фарғонада метан газ қуйиш шохобчасидаги жанжал бир кишининг ўлими билан якун топди. 3 феврал кунги Данғара туманида рўй берган воқеада, икки киши жанжаллашаётган пайти уларни ажратмоқчи бўлган 23 ёшли йигит фаол қаршиликка учраб, шифохонага олиб борилаётганида вафот этган. Интернетда тарқалган хабарларга кўра, жанжал иштирокчилари метанга навбат кутаётган бўлган. Охирги ҳафталарда водий вилоятларидаги метан-шохобчаларга киритилган чекловлар сўнгги кунларда ҳаво исигани сабабли юмшатилди.

Top