16:35 / 07.04.2021
31121
Нурободдаги қўйлар воқеаси. Яйловни экин майдонига айлантирган ҳоким қарори бекор қилинди

Нуробод туман ҳокимининг яйловни лалмикор экин майдонига айлантирган қарори ноқонуний бўлган.

Самарқанд вилояти Нуробод туман ҳокимининг ноқонуний қарори Аксилкоррупция агентлигининг сўровига биноан бекор қилинди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Самарқанд вилояти Нуробод тумани Ағрон маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Я. Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилган. Фуқаро ўз мурожаатида Нуробод туман ҳокимлиги ва туман кадастр бўлими масъуллари томонидан Тошқудуқ массивидаги 2118, 2119, 2120, 2121 ва 2122-контурлардаги 40 гектар экин яйлов сохта ҳужжатлар асосида лалмикор ер майдонлари сифатида «A. I. S.» МЧЖга берилгани ҳамда Нуробод туман ҳокимининг 2020 йил 23 декабрдаги 905-Қ-сон қарори коррупцион ҳолатлар асосида чиқарилганини маълум қилган. 

Агентлик томонидан мазкур мурожаат юзасидан тегишли ҳужжатларни ўрганиш давомида, Нуробод туман ҳокимининг мазкур қарори қабул қилинишида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш ва яйловлардан фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилмагани маълум бўлган.

Жумладан, Нуробод тумани ҳокими қарорига асосан, «A.I.S.» МЧЖга Нуробод тумани Тошқудуқ массивидаги 2118, 2119, 2120, 2121 ва 2122-контурларда жойлашган яйлов лалмикор ер сифатида ғаллачилик билан шуғулланиш учун ажратилган. Ушбу контурлардаги ер майдонлари Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг 2021 йил 27 мартдаги 01002-сонли хатида узоқ йиллардан буён фойдаланилмаган ва экин экилмаган яйлов ер майдонлари эканлиги кўрсатилган.

Ўрганишлар ва Нуробод туман ҳокимлиги масъуллари билан олиб борилган тегишли ҳаракатлар натижасида туман ҳокимининг қарори бекор қилиниб, Нуробод тумани Тошқудуқ массивида жойлашган яйлов ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига олинган.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқда 6 апрел куни Нуробод туманида яшовчи бир гуруҳ одамлар қўй боқишга яйлов қолмагани важидан шу туманда фаолият олиб бораётган чорвачилик кластерининг 1,5 минг бош қўйини ҳокимият биноси олдига ҳайдаб келгани акс этган тасвирлар тарқалганди.

Top