19:47 / 26.02.2021
20329
Вилоят ҳокимликлари 100 нафардан хотин-қизларнинг контрактини тўлаб беради — президент

Ҳар бир вилоят ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафар, ҳар бир олийгоҳ эса 30-50 нафардан хотин-қизларнинг контрактини тўлаб беришга масъул бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев аёллар ва қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига бағишланган видеоселекторда маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев аёллар орасида ишсизлик масаласини бартараф этиш бўйича тўхталди.

«Бир ой муддатда ҳар бир тумандаги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтаётган коллежларнинг бўш турган қисмини, тадбиркорлар учун ўқув хонаси ва ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун 30 йилгача муддатга имтиёзли ижарага бериш тартибини ишлаб чиқиш зарур.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов вилоят ҳокимлари билан бирга ушбу янги тизим асосида жорий йил якунига қадар 50 минг нафар хотин-қизларни ўқитиб, иш билан таъминласин. Бунга Бандлик жамғармасидан 70 миллиард сўм ажратилади.

Халқ банки жорий йилда 70 мингга яқин хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш учун 2 триллион сўм кредитлар ажратилишига шахсан масъул. Шу кунга қадар банк томонидан тадбиркорлик курсларини якунлаган 4 минг нафар хотин-қизларга кредитлар ажратилди.

Олий маълумотли бўлиш истагида бўлган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг контракт тўловини ҳокимият ва олийгоҳлар қоплаб беради. Бунда, ҳар бир вилоят ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафар, ҳар бир олийгоҳ эса, 50 нафардан хотин-қизларнинг контрактини тўлаб беришга масъул бўлади. Танзила Норбоева ушбу ишларни ташкиллаштиришга шахсан бош-қош бўлади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top