14:01 / 21.09.2022
28435
Россияда сафарбарликка қарши норозилик намойишларига чиқиш чақириқлари янграй бошлади

«Весна» ёшлар ҳаракати Путин «қисман сафарбарлик»ни эълон қилган куни умумроссия норозилик акцияси ўтказилиши ҳақида эълон қилди. Фаоллар барча шаҳарлар аҳолисини маҳаллий вақт билан соат 19:00 да кўчага чиқишга чақирмоқда.

Фото: Getty Images

«Весна» ёшлар демократик ҳаракати россияликларни Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган қисман сафарбарликка қарши бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишига чиқишга чақирмоқда. «Минглаб рус эркаклари - оталаримиз, укаларимиз ва эрларимиз уруш гўшт майдалагичига ташланади. Улар нима учун ўлади? Оналар ва болалар нима учун кўз ёшларини тўкади? Путин саройи учунми?» - деб ёзган фаоллар чоршанба, 21 сентябр куни эрталаб ижтимоий тармоқларда.

Улар сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, «ҳар бир хонадонга, ҳар бир оилага уруш кириб келиши», руслар эса «Россияни даҳшатли қирғинга, яккаланишга ва қашшоқликка олиб келган Путин режимининг хатоларини тузатиш учун ўлиши кераклигини» таъкидлади. «Ҳар куни сафарбарлик зарурлиги ҳақида қичқираётган депутатлар ва амалдорлар ўзларининг иссиқ курсиларида қолади - тирик ва соғлом. Биз уларни сафарбар қилиш ва Украинага юбориш керак, деб ҳисоблаймиз - касал фантазиялари учун ўзлари ўлсин, оддий йигитларни ўлимга юбормасин», дейилади маълумотда.

Ҳаракат фуқароларни 21 сентябр, маҳаллий вақт билан соат 19:00 да Россиянинг барча шаҳарлари марказларида «Қабрларга йўқ!» деб номланган умумроссия намойишида қатнашишга чақирди. Фаоллар яқин соатларда Москва ва Санкт-Петербургда митинглар ўтказиладиган жойларни эълон қилишга, ҳудудларда эса – жойларни мустақил танлашга ва хабар беришга ваъда қилган. «Норозилик акцияси - фақат бошланиши. Ишончимиз комилки, ўлимга юбориш қарори бу ҳукумат учун охирги қарор бўлиши мумкин. Ҳозир одамлар кўчага чиқиши керак. Ҳаммаси ўз қўлимизда!» - дея қўшимча қилди улар. 

Бугун эрталаб Путин мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, «ватан ва яхлитликни ҳимоя қилиш» учун қисман сафарбарлик тўғрисида эълон қилган эди. Шу билан бирга, у ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган, шунингдек, Харкив ва Запорижжя областлари оккупацион ҳокимиятининг Россияга қўшилиш учун референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорига ишора қилди ва Москва «референдумлар учун хавфсиз шароитларни таъминлаш учун ҳамма нарсани қилиши»ни айтди. Тегишли фармон аллақачон имзоланган, Федерал мажлис палаталари қарор ҳақида хабардор қилинган ва бугун сафарбарлик бошланади, деди Путин.

«Ҳарбий хизматга фақат захирадаги ва биринчи навбатда қуролли кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, маълум ҳарбий мутахассислик ва тегишли тажрибага эга бўлган фуқароларгина чақирилади. Ҳарбий хизматга чақирилганлар қисмларга жўнатилгунга қадар қўшимча ҳарбий тайёргарликдан ўтказилади», — дея қўшимча қилди у. 

Ўз навбатида, мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарлик доирасида 300 минг захирадаги аскар чақирилишини айтди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top