Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра, туризм жаҳон товарлар ва хизматлар экспортида тўртинчи, даромад келтириши бўйича учинчи ўринда туради. Унинг жаҳон ЯИМдаги ҳиссаси 10 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон, Бутунжаҳон туризм ва саёҳатлар бўйича кенгаши (БТСК)нинг баҳоларига кўра, сайёҳлар келиши борасида дунё мамлакатлари орасида 150-ўринда. Унинг ҳиссасига умумий сайёҳлар оқимининг 0,2 фоизи (бу борадаги Ўзбекистон салоҳияти 2,2 фоиз) тўғри келади.

Шу билан бирга, ҳужжатда қайд этилишича, 2011−2015 йилларда Ўзбекистонда кўрсатилган туристик хизматлар ҳажми (109 фоиз) ва хорижий ташрифлар сони икки баравар (96,8 фоиз) ошгани эътироф этилган. Янги туристик корхоналар сони 27,2 фоизга ўсган.
Шунга қарамай, туризм инфратузилмаси, сифат даражаси, сайёҳлик хизматларини кўрсатиш ҳолати, мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси замон талабларига жавоб бермайди. БТСК баҳолашича, Ўзбекистон туризм соҳасининг иқтисодий ҳиссаси 2015 йилда 1,81 трлн сўм ёки ЯИМнинг 1,1 фоизини ташкил этган. 864,2 млрд сўмлик инвестициялар (барча киритилган сармояларнинг 2,2 фоизи) ва 200 млн АҚШ доллари миқдоридаги экспорт хизматларини ҳисобга олганда ЯИМнинг 3,2 фоизини ташкил этади. Туризмнинг Ўзбекистон аҳоли бандлигидаги бевосита улуши 5 фоиз (141,5 минг киши)дан иборат.




