20:03 / 22.01.2023
40372

Ортиқхўжаев истеъфоси, тўхтамаган газ экспорти ва бардавом “қўл” бошқаруви — ҳафта дайжести

Энергия инқирози яна учта мулозимни лавозимидан айирди: муаммо кадрлардами ёки ислоҳотлар кечикаётганида? Хитойнинг газ статистикаси: Ўзбекистон декабрда ҳам четга газ сотганмиди? Прокурор ва ўқитувчилар воқеаси: маъмурий ислоҳотдан кейин ҳам секторал бошқарув давом этаверадими? Ортда қолган ҳафта мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистон бугун ўз вақтида қилинмаган ислоҳотларнинг товонини тўлаяпти.

Агар беш йил олдин ҳокимларни халқ сайлайдиган тизимга ўтилганида, ҳозиргидек Тошкентнинг ҳолига маймунлар йиғламаётган бўларди.

Агар беш йил олдин очиқ ва рақобатли энергетика бозорини яратиш бошланганида, миллионлаб одам ҳозир ўз уйида қишни одамга ўхшаб ўтказаётган бўларди.

Агар беш йил олдин электр ва газдаги туби кўринмас ўғриликларни тугатишга жиддий ҳаракат қилинганида, қарғишдан бошқа иложи қолмаган халқ ҳозир ўғриларга лаънат айтиб, боласини уч қават кўрпага ўраб ўтирмаган бўларди.

Ҳақиқий ислоҳотлар зарурати ва энергетикадаги қинғирликлар ҳақидаги бу фикрлар тугаб бораётган ҳафтада кўпчиликнинг хаёлидан ўтган бўлса ажаб эмас.

Афсуски, ортда қолган ҳафтада Ўзбекистон яна бир катта имкониятини бой берди. Айни мана шу аномал совуқ биз учун, 36 миллионлик халқ учун нафақат синов, балки катта имконият ҳам эди. Чунки муқобил реалликда бу совуқ очиб ташлаган ҳақиқатлар, Тошкентдаги мисли кўрилмаган энергия инқирози бутун мамлакат учун туб бурилиш нуқтасига айланган бўларди. Ҳаммаси ҳам тўғри кетмаётгани, жиддий хатолар бўлаётгани, фақат шакл эмас, бошқарувнинг моҳияти ҳам ўзгариши кераклигини англатган бўларди.

Бундай бўлиб чиқмади. Асосий ўзгариш фақат кадрлар алмашинувидан иборат бўлди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев салкам 5 йил Тошкентни Дубайга айлантириш йўлида қилган қурилишлари бир кун келиб оёғига болта бўлишини кутмагани аниқ. Йиллардан бери жамоатчилик бонг уриб келаётган муаммолар – бош режанинг йўқлиги тартибсизликни келтириб чиқараётгани, қурилишга рухсат берилганда мавжуд инфратузилмага тушадиган юклама инобатга олинмаётгани президентнинг душанба кунги йиғилишида расман тан олинди.

“Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон “сводка” билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим”,деди Шавкат Мирзиёев.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Тошкент ҳокими лавозимидаги фаолияти салкам 5 йил давом этди. Бу вақт мобайнида ер ажратиш, бузилишлар, экология, дарахтлар кесилиши, жамоат транспорти, ижтимоий инфратузилма ва манфаатлар тўқнашувига оид оғир муаммолар доим кун тартибида турди. Миллионер ҳоким шаҳар учун ўз ёнидан кўп нарсаларни ҳомийлик асосида қилиб бераётганини пеш қилиб келган бўлса ҳам, аслида ўзига тегишли ва ўзига яқин компанияларга миллиардлаб сўмлик давлат буюртмаларини ҳеч қанақа тендерсиз бериб келгани, унинг компанияларига жуда катта солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилгани, унга алоқадор компаниялар маҳсулотлари кўпроқ сотилиши учун шу турдаги товарларни хориждан олиб келишга чекловлар ўрнатилгани каби ҳолатлар унинг хайрия ҳақидаги гапларига соя солиб тураверади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан олингани юзасидан бирор чиқиш қилгани йўқ. У ишдан бўшатилгани маълум бўлган куни эрталаб тонгда Тошкент халқаро аэропортида тўхтатиб қолингани ҳақида хабарлар тарқалди. Манбаларга кўра, у Uzbekistan Airways'нинг 16 январ соат 7:40га белгиланган Истанбул рейсида учиб кетиш учун оила аъзолари билан бирга рўйхатдан ўтган.

Шу кунги йиғилишда президент Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага ишдан олинганларнинг фаолиятини текшириш бўйича топшириқ берди. “Азизов, Йўлдошев, бугун ишдан олинган ҳамма раҳбарлар бўйича менга алоҳида ахборот берасизлар. Жуда қаттиқ талаб, тартиб, интизом. Тизим бўлиши керак Ўзбекистонда”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ишдан олинганлар қаторида Ортиқхўжаевдан ташқари “Иссиқлик электр станциялари” раиси Фарҳод Абдураҳмонов ва энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳам бор. Хўжаевнинг четлатилиши жамоатчилик учун бироз тушунарсиз бўлди. Чунки у ҳукуматда энергетика ислоҳотининг фаол тарафдорларидан бири бўлиб, ҳамма сўкишларни ўзига олган ҳолда журналистларнинг саволларига жавоб бериб бораётганди.

Президент йиғилишида “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари” компаниялари раислари, Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Учтепа туманлари ҳокимларига ҳайфсан берилди. Ҳукумат раиси Абдулла Арипов ва унинг инфратузилмага масъул ўринбосари Очилбой Раматов бу сафар ҳам жавобгарлар қаторида шахсан саналмади. Шундай бўлса-да, президент улар ҳам оппоқ эмаслигига ишора қилди:

“Нега пойтахтда шундай бўлди? Нега олдиндан тайёргарлик қилмадик? Шунча гап гапирганимизга қарамай, Вазирлар Маҳкамаси қаерга қараган деган савол мени қийнаяпти”.

Президент Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Бахтиёр Раҳмоновни Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. Бу қарор кўпчиликда бир саволни уйғотди: йиғилишда шаҳарнинг бош режаси йўқлиги ва қурилишлар танқид қилинган бўлса, нега яна шу қурилишларга тўғридан тўғри алоқадор, ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари ҳокимликка тайинланди?

Йиғилишда Тошкент шаҳрига янги прокурор ҳам тайинланди. Бу лавозимни салкам 6 йилдан бери бош прокурор ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Эркин Йўлдошев эгаллади. Йўлдошев ўтган ҳафта III даражали давлат адлия маслаҳатчиси унвонини олганди. Тошкентнинг аввалги прокурори Улуғбек Қосимов ўтган ойда Сурхондарёга ҳоким бўлганди.

Хитойга газ экспорти тўхтамаганмиди?

Ўзбекистон Хитойга газ экспортини тўхтатган бўлса ҳам, Хитой Ўзбекистондан газ импортини тўхтатмаган. Яъни, иккала томон бераётган маълумот ўртасида яна жиддий фарқ юзага келди. Бу фарқ айниқса бизнинг ҳукуматимиз учун ноқулай вақтда ўртага чиққанини айтиш керак.

Гап шундаки, декабрда амалдорларимиз газ ўзимизга етмаяпти, шунинг учун уни четга сотишни юз фоизга тўхтатганмиз дейишганди. Статистика агентлигининг ташқи савдо ҳисоботида ҳам Ўзбекистон декабр ойида умуман газ сотмагани акс этган. Лекин Хитой божхона қўмитаси шу ҳафта берган маълумотда мамлакат декабрда Ўзбекистондан 40 млн долларлик газ импорт қилгани ёзилган.

2022 йил давомида Хитойнинг Ўзбекистондан табиий газ импорти статистикаси, миллион долларда / Инфо: Хитой божхона бош бошқармаси

Демак, қайсидир томоннинг статистикаси хато ёки ёлғон. Ижтимоий тармоқлардаги айрим фикрларга кўра, Ўзбекистон ҳозиргидек мураккаб вазиятда аҳолида қўшимча норозилик уйғотмаслик учун газ экспорти қисқаргани, лекин амалда тўлиқ тўхтамаганини борича айтмасликни маъқул кўраётган бўлиши мумкин. Экспорт тўхтамагани эса Ўзбекистонда газ қазиб олаётган Россия компаниялари билан боғлиқлиги ҳақида тахминлар бор.

Иккала давлатнинг бутун 2022 йил давомидаги газ савдоси статистикасида ҳам фарқ бор. Ўзбекистон томонига кўра, йил давомида 911 млн долларлик табиий ёки сунъий газ экспорт қилинган. Хитой томони эса Ўзбекистондан газ импортини 1 млрд доллар деб кўрсатган.

Секторал бошқарувдан воз кечиш вақти келмадими?

Ўз вазифасига кирмайдиган ишни бажараётган прокурорнинг топшириғи сабабли, мактаб ўқитувчилари ўз вазифасига кирмайдиган ишни қилишга мажбурланди. Ўз вазифасига кирмайдиган ишни бажараётган ички ишлар бошлиғи бу ҳолатнинг гувоҳларидан бири бўлди.

Ўзбекистон учун ноодатий бўлмаган бунақа воқеа Ангрен шаҳрида рўй берди. Шаҳар прокурори Улуғбек Қобилжонов бошқа секторлар раҳбарлари билан мактабларнинг дарсга тайёрлигини текшириб юрган вақтда олган видеоси ўзига қимматга тушди.

“22-мактабдамиз, умуман тозаланмаган қордан. Мана 2-3 кундан кейин мактаб бошланади. Умуман тозаланмаган. Ўқитувчилари ҳам йўқ, ойлик олиб ётишибди, бекордан бекор... Ҳамма мактаб ўзига хулоса қилсин. 4 та сектор юрибмиз мана. Ҳоким – бош, “началний мелиса”миз. Умуман тозаланмаган”, – дейди видеода прокурор.

Маълум бўлишича, прокурорнинг бу топшириғидан кейин мактаб ўқитувчилари мактаб ҳовлисини қордан тозалашга чиқарилган. “4 та сектордан ўқитувчиларга яна кимнинг қанақа буйруғи бор? Ўқитувчилар йиғилиб турганда айтиб олинглар. Ойлигини ҳалоллаб олишсин”, – деб киноя қилди бу ҳақда хабар берган канал муаллифи.

Бу видео шов-шувга сабаб бўлгач, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова президент ўқитувчиларга ўз вазифасига кирмайдиган ишларни юклашни тақиқлаганини эслатиб, Бош прокуратурага мурожаат қилди. Кўп ўтмай Тошкент вилояти прокуратураси Қобилжоновга интизомий жазо берилганини маълум қилди. Унинг ўзи устозлардан узр сўраб чиқди. “Аслида мен мактаб ҳудудини ўқитувчи ва мураббийларимиз эмас, балки ушбу ишга масъул шахслар бажаришини ташкиллаштиришни сўраганман”, – деди у.

Бу воқеа ҳеч қайси қонунда ёзилмаган сектор бошқарувини тугатиш кераклиги ҳақидаги муҳокамаларни яна ўртага чиқарди. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилгани айтилаётган бир пайтда, прокуратура, ички ишлар ва солиқ органлари ходимларининг қишлоқ хўжалиги, инвестиция ва ижтимоий масалаларга мажбуран аралашиб юриши энг камида ғалати кўринади. Яқинда эълон қилинган маъмурий ислоҳотларда ҳам негадир бу ҳақда ҳеч қанақа гап бўлмади.

Шаҳарларда ниҳоят тезлик пасайтирилмоқда

Ўзбекистонда автоҳалокатларни камайтириш учун охирги йиллардаги эҳтимол энг жиддий қадам босилди: шаҳарларнинг айрим қисмларида ҳаракат тезлиги 60 км/соатга туширилди. Бу талаб фақат Тошкент ёки вилоятлар марказларига эмас, республикадаги деярли ҳамма шаҳарга нисбатан татбиқ этилгани эътиборга лойиқ.

Тошкент шаҳрида тезлик пасайтирилган ҳудуд, кутилганидек, Кичик ҳалқа йўлининг ичкарисидаги кўчалар бўлди. Бошқа шаҳарларда эса чегара ҳар хил: масалан, янги тезлик чеклови Наманган ва Урганч шаҳарларининг бутун ҳудудига тааллуқли, Навоий шаҳрида эса бунинг акси – атиги 1та кўчада 60 тезлик режими ўрнатилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчилардан бу талабга ҳозирданоқ риоя қила бошлашни сўраяпти. Амалда эса “60” йўл белгиси ўрнатиб чиқилиб, камералар функциясига тегишли ўзгариш киритилганидан кейингина жарима ёзиш бошланади. Тезликни чекловчи йўл белгиларини ўрнатиб чиқиш қачонгача якунланиши аниқ айтилмади, бу жараён босқичма-босқич бўлади. Расмийларга кўра, ҳайдовчилар чекланган тезлик қаерда бошланиб, қаерда тугаши ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади.

Расмийлар бу ишни ҳам жарима баллари каби чала-чулпа қилиб юбормайди, деб умид қиламиз. Ашаддий қоидабузарларни тийиб турадиган жарима баллари тизими ҳам тезроқ амалда ишга тушиши керак.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Мактабларда 3-чорак бошланадиган сана учинчи марта ўзгарди. Аввалига 11, 16, 18 январдан деб эълон қилинган дарслар деярли ҳамма ҳудудларда 23 январ, душанбадан бошланяпти. Бу бетартиблик ўқитувчиларга бошоғриқ бўлди: айрим ҳудудларда болалар мактабга бормаётган бўлса ҳам, Kundalik дастурида уларга баҳо қўйиб бориляпти. 23 январдан олий ва ўрта махсус таълим масканларида ҳам дарслар бошланади.

Нодирбек Абдусатторов шахматда яна бир сенсацион ғалабани қўлга киритди. У жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни биринчи марта классик шахматда мағлубиятга учратди. Шахматнинг бир неча соат давом этадиган классик турида Магнус камдан кам мағлубиятга учрайди. Нодирбек шу ва бошқа муваффақиятлари билан Нидерландиядаги турнир пешқадами бўлиб турибди.

Ўзбекистонда лоукостер форматидаги янги авиакомпания – Centrum Air иш бошламоқда. Компания ҳозирча Boeing 737 ва A320 русумидаги бешта самолётга эга. Кейинги уч йил ичида самолёт паркини 100тага етказишни мақсад қилган. Расмий маълумотга кўра, лоукостернинг маҳаллий рейслари нархи 226 минг сўмдан, халқаро рейслари эса 452 минг сўмдан бошланади.

Шавкат Мирзиёев Сингапурга давлат ташрифи билан борди. 3 кунга режа қилинган сафар Ўзбекистондаги энергетика муаммолари сабаб фақат 1 кун давом этди. Шавкат Мирзиёев Сингапур президенти Ҳалима Ёқуб ва бош вазири Ли Сянь Лун билан музокаралар ўтказди. “Фарғонаазот” заводи Сингапурнинг Indorama компаниясига 140 млн долларга сотилди. Янги Тошкентнинг бош режаси ва пойтахтдаги янги аэропорт лойиҳаси бўйича Сингапур компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борилади.

Ўзбек шифокорлари илк марта сиам эгизакларини ажратиб олди. 7 ойлик бу икки қизалоқ Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Туғилган пайтда умумий вазни 1600 грамм бўлган. Ота-онаси – ўзаро яқин қариндошлар. Чақалоқлар Тошкентдаги Неонатал хирургия марказида муваффақиятли ажратиб олинди.

UzAuto Motors тузилган шартномалар бўйича автомобилларни етказиб беришни қайта йўлга қўйди. Лекин янги шартномалар ҳалигача қабул қилинмаяпти. Компания аввал тузилган шартномалар бўйича автомобиллар нархини бироз пасайтиришини маълум қилди. Бу – қўшилган қиймат солиғи 3 фоизга камайиб, 12 фоизга тушгани билан боғлиқ. Янги харидорлар эса катта эҳтимол билан машиналарни сезиларли ошган нархда олишга мажбур бўлади.

Top