Ўзбекистон | 08:30 / 07.12.2025
4656
13 дақиқада ўқилади

Сомсахоналарда рейд, инверсиянинг тугаши ва мундиалдаги рақиблар — ҳафта дайжести

Якунланган ҳафтада ҳаво ифлосланишининг олдини олиш тадбирлари бутун республикага ёйилди. Нурафшонда муқаддам бир неча марта судланган ҳоким ёрдамчиси яна қўлга тушди. Тошкентда тирбандликларни 40 фоизгача камайтириш чоралари белгиланди. Миллий жамоанинг ЖЧ-2026даги рақиблари ойдинлашди.

Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Андижонда тандирлар "ҳавони ифлослантиряпти" деб топилди

Андижонда сомсахоналарга рейдлар – йилнинг энг резонансли воқеаларидан бири бўлди. Чоршанба куни Шаҳрихон тумани ҳокимлиги эълон қилган видеодан маълум бўладики, камида учта ошхонада сомса ёпиладиган тандирлар экскаваторлар билан бузиб ташланган.

Расмий хабарда бу ишлар “ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадидаги рейд тадбирлари” деб аталган. Яъни андижонлик мулозимларнинг фикрича, сомсапазлар ҳавони ифлослантираётган экан. Шунинг учун уларнинг тандирини бузиш керак экан.

Шаҳрихон тумани ҳокимлиги видеога қўшиб эълон қилган фотожамланмада туман ҳокими Ҳикматулло Дадахонов ҳам акс этган. У бузиш ишларига бошқа масъуллар билан бирга, шахсан ўзи бош-қош бўлиб турган. Воқеа катта шов-шувни келтириб чиқаргач, видео ва расмлар ҳокимлик каналидан дарҳол ўчирилди. Вилоят ҳокимлиги тезда баёнот билан чиқиб, Дадахоновга ҳайфсан берилганини маълум қилди.

Шу куннинг ўзида Шаҳрихон ҳокими – тандир бузиш билан шуғулланиб юрган ягона ҳоким эмаслиги ойдинлашди. Интернетда тарқалган суратда Хонобод шаҳри ҳокими Элёрбек Абдураҳмонов тандир буздираётгани, у билан бирга жараённи кузатаётган масъуллардан бири эса кулгидан ўзини тиёлмаётганини кўриш мумкин. Шаҳрихонлик ҳамкасбларидан фарқли равишда, хонободлик расмийлар тандир бузиш учун экскаватор чақирмай, қўл меҳнатидан фойдаланган. Андижон вилояти ҳокимлиги Хонободдаги ҳолатга изоҳ бермади.

Тандирбузарликлар бўйича саноқли расмий муносабатлардан бири Бизнес-омбудсмандан янгради. Президентнинг тадбиркорлар ҳимояси бўйича вакили Андижондаги амалдорларга қонунларни эслатиб, хусусий мулк дахлсиз экани, суд қарорисиз тадбиркорнинг мулкига раҳна солиш мумкин эмаслигини билдирди. Шунингдек, депутат Бобур Бекмуродов бузилган тандирлар учун зарарни ноқонуний топшириқ берган амалдорнинг зиммасига юклашга чақирди.

Коррупция: чопилмаётган юридик илдизлар

Давлат хизматчилари ҳақида гап кетганда, ҳафта давомида коррупция айби билан ҳибсга олингани маълум қилинган нақ тўртта ҳоким ёрдамчисидан бири ҳам алоҳида диққатга сазовор. ДХХ хабарига кўра, Нурафшон шаҳридаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаётган мулозим таниш-билишлари орқали бир одамни вилоят экология бошқармасига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган ва бунинг учун 2 минг доллар олган пайтида қўлга тушган.

Эътиборлиси шундаки, бу ҳоким ёрдамчиси аввал ҳам бир неча марта судланган бўлган. Яъни бир эмас, бир неча марта жиноят содир қилган шахс давлат хизматига қабул қилиниб, ҳозирча сон-саноғи номаълум навбатдаги (энг камида учинчи) жиноятига қўл урган. Муаммога тизимли ёндашиб айтганда, бундай рецидивистларга давлат ишига кириб ялло қилиш имконини бераётган омиллардан бири бу – қонунчилик.

Ёдингизда бўлса, бир неча йил олдин Ўзбекистонда коррупционерлар реестрини тузиш, бу реестрга коррупцион жиноятларда айбдор деб топилган шахсларни киритиб бориш ва уларнинг давлат хизматига қабул қилинишини тақиқлаш вазифаси қўйилган эди. 4 йил олдинги фармонда белгиланган бу топшириқ айрим сабаблар билан ҳалигача бажарилгани йўқ. Натижада, расмий маълумотларга кўра йилига 500 дан ортиқ шахс аввал коррупцияга қўл урганига қарамай, давлат ишига бемалол қайтиб, яна коррупция билан шуғулланишда давом этаверади.

Йиллардан бери кечикаётган қонунлардан яна бири – давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялашга оид. Халқаро ташкилотлар, хусусан Ўзбекистоннинг энг йирик кредитори бўлмиш Жаҳон банки анча йиллардан бери шу қонунни сўраб келади. Халқаро валюта жамғармасининг ҳар йили Тошкентга келадиган миссияси ҳам шу масалани кўтаришдан чарчамайди. Жорий йилги миссиянинг ўтган ҳафта эълон қилинган ҳисоботида ёзилишича, активларни декларациялаш ҳақидаги қонун лойиҳаси парламентга юборишга тайёрланяпти. Эслатиб ўтамиз, шу йил март ойида берилган топшириққа асосан, қонун лойиҳаси 1 апрелгача жамоатчилик муҳокамасига чиқарилиши керак эди.

Администрация раҳбари экорейдга чиқди

Ортда қолаётган ҳафтада инверсия жараёнининг сусайиши ва қатор ҳудудларда бироз бўлса-да ёмғир ёғиб ўтиши билан, шанба кунига келиб ҳаво сифати ниҳоят яхшиланди. Республика Махсус комиссияси душанба куни президент Шавкат Мирзиёвга бир ҳафталик фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Эртасига администрация раҳбари Саида Мирзиёева раислигида комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Шу куни Қибрай туманидаги экологик рейдда Мирзиёеванинг ўзи ҳам қатнашиб, кунига 150 кг кўмир ёқадиган иссиқхона раҳбари билан гаплашди.

“Бизнесмен дода, энди сиз бизнес қиласиз, биз бу билан нафас оламиз. Сизнинг ҳам бола-чақангиз бор-ку? Мен сиз билан гаплашгани келдим, таҳлил қилгани келдим – қанақа қилиб мен сизга ёрдам берайки, сиз ҳам бахтли бўласиз, мен ҳам бахтли бўламан?”дея сўради администрация раҳбари. Сўровга жавобан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бир кун ичида филтр ўрнатилишини айтди.

Расмийларга кўра, ўтган ҳафта ҳавони ифлослантираётгани сабабли Тошкент ва унинг атрофида 67 та иссиқхона фаолияти тўхтатилган. Қурилиши тўхтатилган пойтахтдаги объектлар сони эса 4 декабр ҳолатига салкам 50 тага етган. Чоршанба куни Тошкент вилоятида ҳаво ифлосланиши манбаларини аниқлаш учун вертолёт патрули ҳам йўлга қўйилгани маълум қилинди. Кўп ўтмай хазонларни ёққан фуқаролар ҳам жаримага тортилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Ҳаво ифлосланишига қарши Тошкентда кўрилаётган чоралар бу ҳафта бутун республика бўйлаб ёйилди. Кўчаларни намлантиришдан тортиб, қурилишлар ва корхоналарга рейдларгача Ўзбекистоннинг аксарият йирик шаҳарларини қамраб олди. Айниқса Фарғонадаги вазият ўта хавфли даражага келиб қолгани кўпчиликда хавотир уйғотди. Ифлос ҳаво димоқни ачиштириб, болаларда йўтал, катталарда эса қон босими ва бош оғриғига сабаб бўляпти, дейди Kun.uz суҳбатлашган фарғоналиклар.

Ушбу фонда Энергоинспекция бензин сифати бўйича назоратни кучайтирганини хабар қилди. Маълум қилинишича, бир ҳафта ичида 90 та АЁҚШ текширилган ва 23 та ҳолатда 300 минг литр бензин сифатсизлиги аниқланган. Йил бошидан ҳисоблаганда эса, 210 та объектда 8,5 миллион (!) литр сифатсиз бензин ёки дизел топилгани айтиляпти. Тўлиқ айтадиган бўлсак: 8 576 466 литр сифатсиз маҳсулот. Ва бу – фақат аниқлангани.

“Ўзбекистонга ҳеч ким қарз бермасди”

Каримов президентлиги пайтида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи жуда кам бўлган, бюджет дефицити эса умуман бўлмаган. Кўпчилик бунга сабаб сифатида “биринчи маъмурият қарз олишни ёқтирмаган” деб ўйлаши мумкин, лекин аслида Ўзбекистонга бюджет харажатлари учун ишониб қарз берадиган ҳамкорнинг ўзи йўқ эди. Буни парламентда чиқиш қилган бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам расман тасдиқлади.

“Агар тарихни кўтариб кўрсангиз, бизда кўп йиллар давомида профицит бўлган. У зўрмиди, деган саволга шу соҳада ишлаб келаётган одам сифатида йўқ деб жавоб беришга мажбурман. Ўша пайтда профицит бўлганининг сабаби шуки, бюджет тақчиллигини молиялаштиришга ҳеч ким бизга кредит бермаган. Мен буни расмий айтишим мумкин: ҳеч ким. Чунки ислоҳотлар йўқ эди, сўм эркин конвертация қилинмасди, солиқ сиёсати... Умуман, охирги 8 йилда нималар қилинган бўлса, шулар йўқ эди. Шунинг учун ҳам ҳеч ким бизга бюджет тақчиллигини молиялаштиришга кредит бермасди”, деди вазир.

Қўчқоров депутатларга тақдим этган келаси йилги бюджет лойиҳасига кўра, ҳукумат 2026 йилда 5 млрд долларгача ташқи қарз олишни режалаштирмоқда. Бу – 2025 йилги лимитдан 500 млн долларга кам. Молия вазирининг қайд этишича, Ўзбекистон иқтисодиёти бу йил 7 фоизга, келаси йил эса 6,6 фоизга ўсиши кутиляпти. Шу сабабли, яъни иқтисодий ўсиш борлиги учун, тавсия этилган чегаралар доирасида қарз олишимиз ўзини оқлайди, дея изоҳлади Жамшид Қўчқоров.

Маълумот учун, 2025 йил 1 октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 44 млрд долларга етган. Шундан 36,7 млрд доллари – ташқи қарзлар. Халқаро кредиторлар берган қарзларнинг 47 фоизи бюджет тақчиллигини ёпишга ишлатилган. Консолидациялашган бюджет дефицити бу йил ҳам, келаси йил ҳам ЯИМга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги кутиляпти – расмийлар буни хавфсиз ва мўътадил даража деб ҳисоблайди.

Айни пайтда, ҳукумат одамлардан солиқ қарзини ундиришда қатъийроқ чораларга тайёрланяпти. Ўтган ҳафта имзоланган қарорга асосан, мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарзи 1 млн сўмдан ошган жисмоний шахслар электр энергияси учун тўлов қилолмай қолиши кўзда тутиляпти. Бундай тартиб 1 январдан синов тариқасида Наманган вилоятида бошланади, кейинроқ бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, худди шу механизм ўтган ойдан эътиборан чиқинди тўловларини ундиришда қўллана бошлаган эди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Гулистондаги бахтсиз ҳодиса жабрланувчилари / Фото: Kun.uz

Гулистон шаҳридаги бозорлардан бирида газбаллон портлаб кетди. Орадан 25 соат ўтиб берилган расмий маълумотга кўра, портлашда 29 киши жароҳатланган, улардан 3 нафари вафот этган. 3 декабр ҳолатига, бир киши ўта оғир аҳволда, 5 киши жонлантириш бўлимида қоляпти. Воқеа юзасидан Очилбой Раматов бошлиқ ҳукумат комиссияси тузилди. Шавкат Мирзиёев Сирдарёга ташрифи вақтида жабрланганлар ҳолидан хабар олди, вилоят сессиясидаги нутқида “фожиа фавқулодда вазиятлар тизими учун сабоқ бўлиши керак”лигини айтди. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига 100 млн сўмдан берилмоқда. Жиноят иши доирасида 3 киши қамоққа олинган. Терговдаги дастлабки версияга кўра, 50 литр ҳажмдаги пропан газбаллон ошхонадаги ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган бўлган.

Когонда портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи цехда портлаш рўй берди. Ҳодиса вақтида омборхонада 30 нафар ишчи бўлган, улардан 4 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 4 нафари енгил жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Президент топшириғига биноан, Саноат хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Маълум қилинишича, воқеа рўй берган “Shams LTD” МЧЖ – 2019 йилдан бери Марказий Осиёдаги тоғ-саноати корхоналари учун янги конларни ўзлаштиришда қўлланадиган портловчи моддаларни ишлаб чиқаради.

Сўнгги икки ҳафта ичида учта вилоят ҳокими в.б. қўшимчасидан халос бўлди. Адиз Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими, Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими, Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимларига тасдиқланди. Шавкат Мирзиёев уларнинг ҳар бирига келаси йилда инвестиция жалб қилиш, экспортни ошириш ва иш ўринлари яратиш бўйича вазифалар юклади, янги лойиҳаларни кўздан кечирди. Президент Жиззах вилоятига “Афросиёб” поездида боргани эътиборли. Давлат раҳбари бу ташрифида ҳозир котловани қазилаётган АЭС лойиҳаси бўйича тақдимот билан ҳам танишди.

Тошкент ҳокими Шавкат Умрзоқов шаҳардаги тирбандликлар 30-40 фоизга камайишини ваъда қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай натижага интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш орқали эришилади. Гап транспорт оқимига қараб автоматик мослашадиган “ақлли” светофорлар ва жамоат транспортига устуворлик бериш ҳақида кетяпти. Интеллектуал тизим 2027 йилда ишга тушиши белгиланган. Тизимни янги ташкил этилаётган Йўл ҳаракати маркази бошқаради. Бу ташкилот – шаҳар йўл инфратузилмасига ҳар хил йўналишларда таъсир қиладиган кўплаб идораларнинг ваколатларини ўзида жамлайди ва ягона марказлашган бошқарувни йўлга қўяди. Шу билан бирга, шаҳарда ҳаракатланиш учун навигация иловаси ишлаб чиқилиши ҳам айтиляпти. Бу таклиф – аллақачон бепул ишлаб турган Google ва Yandex каби хариталар борлиги сабаб, танқидларга сабаб бўляпти.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси мундиалдаги илк рақибларини билиб олди. Қуръа натижасига кўра, жамоамиз Португалия ва Колумбия билан бир гуруҳдан жой олди. Гуруҳнинг тўртинчи аъзоси Конго ДР, Ямайка ёки Янги Каледония бўлади. Ўзбекистоннинг биринчи ўйини – 17 июнда Колумбияга қарши, 23 июнда Портулагияга қарши, 27 июнда эса ҳозирча номаълум учинчи рақибга қарши бўлиб ўтади. Қайси ўйин қаерда бўлиши ҳозирча аниқ эмас. Биринчи иккита ўйин ё АҚШнинг Техас штатидаги Ҳюстон шаҳрида, ёки Мексика пойтахтида бўлади; учинчи тур эса аниқ АҚШда: ё Флорида, ё Жоржия штатида ўтади. Эслатиб ўтамиз, бу Жаҳон чемпионатида илк марта 48 та жамоа қатнашади ва 12 та гуруҳдан 8 тасида 3-ўринни олган жамоалар ҳам плей-оффга чиқади.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Дастур бошловчиси – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид