Ўзбекистон | 09:10 / 11.01.2026
6803
13 дақиқада ўқилади

Навбатчи устозларга иш ҳақи ва Бойсунда нефт булоқлари — ҳафта дайжести

Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликнинг якуний палласи: Ўзбекистон 2,5 ой ичида улгура оладими? Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади: ўқитувчилар мажбурий меҳнатга тизимли равишда жалб қилиндими? Бойсундан нефт чиқиши, кам литражли автомобилларга бож ва қонли автобус ҳалокати – ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

ЖСТ сари узоқ йўл: марра яқинми?

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида алоҳида музокара ўтказишни истаган 34 та давлатдан 33 таси билан келишувга эришди. Бу ҳақда 2025 йилги фаолиятини сарҳисоб қилган бош музокарачи Азизбек Урунов маълум қилди. У аввалроқ икки томонлама музокаралар ҳали якунланмаган ягона давлат Тайван эканини айтганди. Бундай кечикиш Тайваннинг юридик жиҳатдан суверен эмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Уруновга кўра, ўтган йили 1200 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар экспертизадан ўтказилган; ЖСТ талабларига мувофиқ 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, хусусан 4 та қонун қабул қилинган. 2026 йилда аъзолик жараёнини тўлиқ якунига етказиш устувор вазифа бўлади, деди бош музокарачи.

Жараённи охирига етказиш учун Тайван билан келишувга эришишдан ташқари, Ишчи гуруҳ доирасида кўп томонлама музокараларни ҳам якунлаш, шу асосда ишчи гуруҳ ҳисоботини тайёрлаб тугатиш талаб этилади. Модомики Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигини ташкилотнинг энг олий органи – Вазирлар конференциясида нишонлашни истар экан, қолган ишларга улгуриш учун олдинда атиги 2,5 ой вақт қолди.

Агар март ойи охиридаги конференциягача улгуришнинг имкони бўлмаса, Ўзбекистоннинг аъзолиги йил охиригача ЖСТ Бош кенгаши томонидан тасдиқланишини кутиш мумкин. Шундан кейин аъзолик протоколи Олий Мажлис томонидан ратификация қилиниши керак. Ратификация ҳақидаги ҳужжат ЖСТ Котибиятига топширилганидан 30 кун ўтиб, Ўзбекистон расман ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланади.

Фото: Азизбек Урунов / LinkedIn

ЖСТга аъзолик – қатор соҳалар учун бир неча йиллик ўтиш даврининг бошланиши демакдир, яъни уларга берилган айрим имтиёзларнинг бекор қилиниш санаси аниқ бўлади. Шу билан бирга, дунё аллақачон пост-ЖСТ даврида яшаётгани, биз глобал савдо занжирларига охиргилардан бўлиб қўшилаётганимиз, ташкилот қоидалари айниқса нотариф чекловларга кор қилмаслигини ҳам айтиб ўтишимиз ўринли.

Боз устига, АҚШдаги сиёсат ўзгариши кўплаб халқаро ташкилотлар қатори ЖСТга ҳам катта зарба бўлди. Доналд Трамп янги ҳакамларни лавозимга тайинлашни блоклаб қўйгани туфайли, ЖСТнинг “Олий суди” ҳисобланувчи аппеляция органи фалажланиб қолган, натижада ташкилот қоидаларини менсимаслик авж оляпти.

Санаб ўтилган омиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ЖСТга аъзо бўлиш – савдони эркинлаштириш учун зарур, лекин охирги чора эмас. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга кўра, ташкилотга аъзо бўлган бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам савдога кўплаб чекловларни сақлаб қоляпти, ва бу чекловларнинг айримлари узоқ йиллар қолиб кетадиганга ўхшайди. Шундай экан Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Ҳиндистон, Япония каби давлатлар билан икки томонлама, Европа Иттифоқи ва ASEAN кабилар билан эса кўп томонлама эркин савдо битимларини тузиш – Ўзбекистон учун навбатдаги вазифа бўлиши керак, дейди иқтисодчи.

ЖСТга аъзолик йилида тикланган божлар

Жаҳон савдо ташкилотига кириш ниятидаги ҳукумат энг кўп парваришлаётган соҳалардан бири – автосаноат. 2026 йилдан эътиборан, Ўзбекистонда кам литражли автомобиллар импорти учун юқори божлар қайтди.

Ёдингизда бўлса, 2023 йил ўрталарида двигател ҳажми 1000 ва 1200 см кубгача бўлган енгил автомобиллар импорти учун божлар мос равишда 0 ва 5 фоизгача туширилган ва бундай паст ставкалар 2026 йил 1 январгача амал қилиши белгиланган эди. 10 кун олдин бу муддат якунига етди ва у узайтирилмади. Энди ушбу сегментдаги автомобиллар импорти учун яна аввалгидек божхона қийматидан 15 фоиз ва унга қўшимча 700 долларгача бож ундирилади.

Пасайтирилган ставка 2,5 йил амалда бўлганига қарамай, анча тор сегментни қамраб олгани сабабли бозорда сезиларли ўзгариш ясай олмади: ички бозорга бензинда юрадиган ихчам ва тежамкор моделларнинг кенг кўламда оқиб кириши кузатилгани йўқ. Автомобил импортида асосий тенденцияни бензинда юрадиган машиналар эмас, электромобиллар белгилаяпти. Kun.uz эътибор қаратган божхона статистикасидан маълум бўлишича, ўтган йили Ўзбекистонга олиб кирилган ҳар 10 та енгил автомобилдан 7 таси электромобил бўлган.

Рақамларга қараганда, 2024 йилда фақат электрда ҳаракатланадиган машиналарнинг импортдаги улуши 32 фоиз эди, 2025 йилда эса 71 фоизга етган. Электрокарлар импорти ўтган йили сон жиҳатдан 2,4 баробарга ошган бўлса, қиймат жиҳатдан 3,1 баробарга кўтарилган, натижада импорт электромобилларнинг ўртача божхона қиймати 2024 йилдаги 9300 доллардан 2025 йилда 12 300 долларга етган. Хитойда нархлар аксинча пасайишда давом этаётганини инобатга олсак, юқоридаги рақамлардан шундай хулоса келиб чиқади: Ўзбекистонда энг арзон сегментдаги электромобил сотувлари кескин қисқарган.

Айни пайтда, бензинда юрадиган “иномарка”ларнинг ўртача божхона қиймати 2024 йилдаги 21,5 минг доллардан 2025 йилда 19,5 минг долларгача пасайгани эътиборли. Бу – ўзига тўқ аҳоли қатлами борган сари электромобилларга ўтаётганидан дарак бериши мумкин. Яна бир тенденция – гибрид моделлар бозорни тарк этаётгани билан боғлиқ: ўтган йили бу сегментдаги импорт 83 фоизга пасайган.

Қишда метан тақчиллиги, бензиннинг эса нархи ва сифати билан боғлиқ масалалар – электромобилларга талабни ошираётган асосий омиллардан бўлса ажаб эмас. Бу ҳафта ҳаво совиши муносабати билан метан-шохобчалар фаолиятига яна чекловлар киритилди. Шунингдек, Бухорода АИ-95 деб сотилган бензин харидорнинг автомобилини бузиб қўйгани маълум бўлди. Рақобат қўмитасининг хабар беришича, истеъмолчи қўмитанинг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилганидан кейин, етказилган 14 млн сўмдан ортиқ зарар АЁҚШ томонидан қоплаб берилган.

Ўқитувчилар ва яна мажбурият меҳнат

Ўтган ҳафта кўплаб ўзбекистонликлар кетма-кет 5 кун дам олиб, оила даврасида янги йилни кутиб олган пайтда, мактаб ўқитувчилари ишхонасини қўриқлаб ўтиришга мажбур бўлган экан. Даставвал бундай ҳолат фақатгина Бувайда туманидаги битта мактабда бўлгани айтилган эди, лекин кейинроқ ундай эмаслиги ойдинлашгач, расмий изоҳларсиз, сукунат режими ёқилди.

Воқеалар кетма-кетлиги қуйидагича. Аввалига Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги 37-мактаб ўқитувчилари Kun.uz'га мурожаат йўллаб, 25 декабрдан 6 январгача мактабда 3 сменадан иборат 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинганини маълум қилди. Бу навбатчилик “Янги йил байрами муносабати билан мактабни тинч ва осойишта сақлаш, мактаб жамоаси ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсади” билан изоҳланган.

“Мана, биз бугун навбатчиликдамиз. 31 декабр, янги йил арафасида эски йилни кузатиб, янги йилни мактабда кутиб оламиз. Мухлиса қизи билан чиққанди, қизи ухлаб қолди – навбатчиликда ўтирибмиз, мана. [...] Энди бу қонунларимизда бормикан, билмадим”, – дейди ўқитувчилардан бири Kun.uz'га келиб тушган видеода.

Kun.uz'да бу хабар чиққанидан бир кун ўтиб Фарғона вилояти Мактаб таълими бошқармаси баёнот берди. Баёнотда Бувайдадаги 37-мактаб директори ўқитувчиларга ортиқча вазифа юклагани учун ишдан олингани айтилади. “Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчиларидан битта мактабдаги жараённи бутун тизимдаги ҳолат сифатида баҳоламасликларини сўраб қоламиз”, дейилади расмий ахборотда.

Лекин кўп ўтмай, бундай навбатчилик битта мактабда эмас, бутун тизимдаги ҳолат бўлганини кўрсатувчи далиллар пайдо бўлди. Kun.uz ихтиёрида ҳужжатларга қараганда, ҳаммаси Вазирлар Маҳкамасининг 20 декабрдаги 245-сонли баёнидан бошланган. Шу баён ижросини таъминлаш учун Мактаб вазирлиги ҳудудий бошқармаларга ХДФУ грифи билан хат йўллаб, 25 декабрдан 5 январгача 24 соатлик навбатчиликни йўлга қўйиш топшириғини берган. Бу топшириқни ҳудудий бошқармалар туман бўлимларига, туман бўлимлари эса мактаб директорларига етказган.

Сирли топшириқ ошкор бўлганидан кейин ҳолатга ҳукумат ҳам, вазирлик ҳам бирор муносабат билдирмади. Вазирлик Kun.uz сўровларини жавобсиз қолдирди. Шундай шароитда, яхшиямки, ўқитувчиларнинг ҳимоясига чиқадиган Меҳнат инспекцияси бор экан Инспекция бошлиғи в.б. Нилуфар Аманниязова Бувайдадаги директор ноҳақ ишдан бўшатилгани, у лавозимига тикланиши кераклиги, дам олиш кунларида ишга чиқишга мажбурланган ўқитувчиларга эса Меҳнат кодексида ёзилганидек 2 ҳисса ҳақ тўланиши шартлигини талаб қилиб чиқди.

Меҳнат инспекцияси Мактаб вазирлигига йўллаган тақдимномада айтилишича, республика бўйича навбатчиликка жалб қилинган барча ходимларга қонунчиликда белгиланган миқдорларда иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилиши керак. Kun.uz манбасига кўра, вазирлик инспекциянинг топшириғини бажариши кутиляпти: дам олиш кунларидаги меҳнат учун қўшимча иш ҳақи январ ойи маошига қўшиб тўлаб берилади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Бойсундаги М25 газ конидан нефт сизиб чиқа бошлади. Энергетика вазирлигига кўра, суюқлик оқимини жиловлаб, уни махсус тайёрланган ҳовузларга йўналтириш чоралари кўриляпти. Суюқлик таркиби бўйича лаборатория таҳлили натижасига қараб, уни қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади. Ҳосил бўлган бир нечта нефт “булоқлари” – 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб газ чиқа бошлаган қудуқларга яқин жойда жойлашган бўлиб, тахминларга кўра, уларнинг вужудга келиши – битумли нефт қатламининг карбонат ангидрид таъсирида эриши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳафта давомида, шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”нинг янги раиси Абдуғани Сангинов 5 та нефт базаси бошлиғини “жиддий камчиликлар” учун ишдан бўшатгани хабар қилинди.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Колонияда жазо ўтаётган диний уламо Мубашшир Аҳмаднинг соғлиги ҳақида унинг адвокати ва Омбудсман томонидан икки хил маълумот берилмоқда. Колония бошлиғи имзолаган хатда ёзилишича, Мубашшир Аҳмад ноябр ойида қандли диабет, нафас йўллари ва бармоқ тўқималарининг яллиғланишидан даволанган. Лекин адвокатнинг сўзларига кўра, 26 декабрда ҳимояси остидаги шахс билан учрашганида у хатда кўрсатилган муолажаларнинг бирортасини олмаганини айтган. Шундан кейин Омбудсманнинг Навоий вилояти бўйича вакили Мубашшир Аҳмад билан учрашди. Расмий хабарга кўра, учрашувда Алишер Турсунов тиббий ёрдамдан ҳам, меҳнат шароитларидан ҳам, озиқ-овқат таъминотидан ҳам шикояти йўқлигини айтган. “Алишер Турсунов билан ўтказилган холи суҳбатда у ҳеч қандай масалада мурожаат қилмади”, дейилади Омбудсман ахборотида.

Nestlé брендига мансуб болалар озуқаларидан айримлари таркибида хавфли токсин бўлиши мумкин. Шундай эҳтимол борлиги туфайли, компания бир қатор давлатлар, хусусан Ўзбекистонда ҳам NAN ва ALFARE Amino сериясидаги маҳсулотларининг муайян партияларини қайтариб олишини эълон қилди. Бу қарор цереулид токсини билан боғлиқ эҳтиёт чораси экани айтиляпти. Kun.uz Nestlé'нинг Ўзбекистондаги вакилидан олган маълумотга кўра, истеъмолчилар эълон қилинган сериялардаги товарларни сотиб олган жойига муаммосиз қайтариши мумкин: уларга ё пули қайтарилади, ёки бошқа товарга алмаштириб берилади. Маҳсулот қадоғининг бузилгани аҳамиятсиз.

Навоий вилоятида автобус ЙТҲга учради. 5 январ куни соат 7:40 ларда Томди туманида, чўл ҳудудда ҳаракатланиб кетаётган автобуснинг 40 ёшли ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва улов йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. Натижада 47 йўловчидан 2 нафари воқеа жойида вафот этган. “Ҳамма жим кетаётганди, бирдан автобус ағдарилиб, думалаб кетди. Нима бўлганини тушунмай қолдик. Автобус босиб қолган 2 киши шу жойнинг ўзида вафот этди, жароҳатланганлар ҳам талайгина”, деди гувоҳлардан бири Kun.uz билан суҳбатда. Вилоят ИИБ душанба кунги воқеа ҳақида ҳафта охиригача ҳам қўшимча маълумот бермади.

Марказий банк Humans иловаси фойдаланувчиларининг пуллари ўғирлангани юзасидан Paylov тўлов ташкилотидаги текширувини якунлади. Текширув натижалари Ички ишлар вазирлигига тақдим этилган. Ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб бориляпти. Kun.uz манбасига кўра, Humans иловасига картаси уланган 2 мингдан ортиқ фойдаланувчининг қарийб 7 млрд сўм маблағи ўғирланган бўлиши мумкин. Жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари тавсия этилади. Эслатиб ўтамиз, ўғрилик декабр ойи бошида рўй берган, ўшанда Humans компанияси ва Paylov тўлов хизмати бир-бирини айблаб чиққанди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Дастур бошловчиси – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид