Ўзбекистонда болалар учун мўлжалланган Nestlé озуқасининг айрим партиялари ихтиёрий равишда қайтариб олинмоқда. Nestlé NAN маҳсулотларини Ўзбекистон бўйлаб етказиб берувчи “Balton Trading” компанияси вакили Kun.uz’га унинг қайтарилиш жараёни ҳақида маълумот берди.
Сўнгги кунларда ўзбек интернет сегментида Nestlé компаниясининг болалар озуқаси билан боғлиқ хабари кенг муҳокама қилинмоқда. Гап чақалоқлар истеъмол қиладиган маҳсулот ҳақида кетгани учун, табиийки, кўплаб ота-оналарда савол ва хавотирлар пайдо бўлди.
Nestlé компанияси Ўзбекистонда болалар озуқасининг айрим чекланган партияларини қайтариб олишини эълон қилди. Бунга сабаб маҳсулот таркибидаги арахидон кислотаси деб аталадиган ингредиент билан боғлиқ эҳтимолий хавф борлиги. Ушбу модда ташқи таъминотчи орқали келтирилади ва унинг таркибида жуда оз миқдорда цереулид деб аталувчи токсин бўлиши мумкин.
Цереулид нима ўзи?
Цереулид – айрим бактериялар ишлаб чиқарадиган токсин бўлиб, у организмга тушганда ўткир заҳарланиш аломатларини келтириб чиқариши мумкин. Асосий белгилари – кўнгил айниши, қусиш ва қорин оғриғи. Nestlé маълумотига кўра, реал заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Яъни ҳозиргача болалар соғлиғига зарар етгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Компания шунчаки “хавф бўлиши мумкин” деган эҳтимолнинг ўзиниёқ етарли деб ҳисоблаб, олдиндан чора кўрмоқда.
Айтиш керакки, бу фақат Ўзбекистонда эмас. Nestlé бу маҳсулотларни Европа бозори, Осиёнинг айрим давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларида ҳам қайтариб олмоқда.
Ўзбекистонда қайси маҳсулотларга тегишли?
Nestlé расман эълон қилган, қайтариб олинаётган маҳсулотлар рўйхатида: NAN 1, NAN 2, NAN кисломолочний, NAN Supreme ҳамда ALFARE Amino каби маҳсулотларнинг аниқ партия рақамлари кўрсатилган:
• NAN 1 OPTIPRO – 51490346AB, 51750346AA, 51900346AE, 51760346AA, 52180346AB, 52670346AE, 52680346AD, 51500346BA, 51910346BA партиялари.
• NAN 2 OPTIPRO – 5172080622, 5206080621, 5298080624, 5205080661, 5206080661, 5289080661, 5290080661, 5204080611, 5205080611 партиялари.








