Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бувайдадаги мактаб директори ишга қайта тикланадиган бўлди
Педагоглар дам олиш кунларида ҳам навбатчиликка мажбурлангани ҳақидаги Kun.uz хабаридан сўнг, Меҳнат инспекцияси уларга 2 ҳисса иш ҳақи тўлаб бериш бўйича иш берувчига ёзма кўрсатма берди. Воқеа ортидан ишдан олинган мактаб директорининг фаолияти қайта тикланадиган бўлди.
Фото: Kun.uz
Фарғонанинг Бувайда тумани 37-мактабда расман ишланмайдиган байрам кунларида ҳам педагоглар тун-у кун навбатчиликка мажбурлангани ҳолати юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш олиб борди.
Натижаларга кўра, ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ икки ҳисса миқдорида иш ҳақи тўлаб бериш бўйича иш берувчига ёзма кўрсатма киритилган. Меҳнат қонунчилиги талабларини бузган мактаб директорига нисбатан МЖтКнинг 49-моддаси (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш)га асосан жавобгарлик чораси кўрилган.
“Меҳнат қонунчилиги бузилишини, шунингдек уларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида юқори турувчи ташкилотга тақдимнома киритилди”, – дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ мана шу вазиятлар фонида Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси директор ишдан озод қилинганини маълум қилганди. Меҳнат инспекцияси бошлиғи Нилуфар Аманниязованинг Daryo.uz нашрига аниқлик киритишича, бошқарма мактаб директорини лавозимидан бўшатишда меҳнат қонунчилигини бузган.
“Мактаб директори билан суҳбатлашилганда меҳнат шартномаси бекор қилинганидан хабари йўқлигини билдирди. Иш берувчи директор билан меҳнат шартномасини бекор қилишда қўпол қонунбузилишга йўл қуйган. Инспекция нафақат ўқитувчилар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилади, балки мактаб директори ишга тикланишини ҳам таъминлайди”, деган инспекция раҳбари.
Қолаверса, Аманниязова дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб қилишда ходим розилиги олиниши кераклиги ҳамда қонунчиликка мувофиқ тўловларни ҳам амалга ошириш лозимлигини айтган.
Маълумот учун, амалдаги Меҳнат кодексининг 209-, 210-моддаларига кўра, ходимларни дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари ишга жалб қилиш тақиқланган. Бунинг учун юқорида айтилганидек ёзма розилик ёки ташкилот раҳбарининг ички буйруғига розилиги сифатида чекилган имзолар керак бўлади. Бундай кунларда ходимларни фақатгина ҳужжатда белгиланган махсус вазиятларда ишга чақириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Фарғонада ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка мажбурлаган топшириқ вазирлик ва ҳукуматдан тушгани маълум бўлганди. Kun.uz'даги ҳужжатларга кўра, мазкур ҳолат бошқа вилоятларда ҳам кузатилган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
17:27 / 09.01.2026
Республика бўйича навбатчиликка чиққан ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланади – манба
16:05 / 06.01.2026
Фарғонада ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликда туришга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
16:35 / 05.01.2026
Бувайдадаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбурланяпти
15:47 / 27.12.2025