Жамият | 17:20 / 07.01.2026
16747
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка мажбурлаган топшириқ вазирликдан тушгани маълум бўлди

Мактаб вазири ўринбосарининг ҳудудий бошқармаларга йўллаган хатида 25 декабрдан 5 январгача ходимлардан ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда 24 соатлик узлуксиз навбатчилик ташкил қилиш ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш сўралган. Бошқармалар эса хатда нима сўралган бўлса, шуни туман-шаҳар бўлимларига, у ердан эса мактаб ва боғчаларга йўналтирган. Аввалроқ айнан шу топшириқни бажаргани учун Бувайда туманидаги 37-мактаб директори ишдан олинганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uzʼда бувайдалик ўқитувчиларнинг расман дам олиш кунлари ҳам мактабда қолиб тун-у кун навбатчилик қилганига оид мурожаати эълон қилинганди. Унга кўра, 37-мактаб директори Ҳасанбой Нишонов имзолаган ва муҳр қўйилган буйруқ асосида педагоглар 13 сутка тун-у кун мактабда бўлишга мажбурланган.

Мактаб директори қабул қилган ушбу буйруқнинг келиб чиқиш нуқтаси Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги ва ҳукуматга боғланяпти.

Kun.uzʼга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) грифи билан ҳудудий бошқармаларга йўлланган топшириқ хати келиб тушди. Унда ходимлардан ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда белгиланган муддатлар, яъни 2025 йил 25 декабридан 2026 йил 5 январига қадар 24 соатлик узлуксиз навбатчиликни ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш сўралган.

Хат мазмуни “Вазирлар Маҳкамасининг 20 декабрдаги 245-сонли баёни ижросини таъминлаш мақсадида” деб бошланади.

Таҳририят ҳукуматнинг мазкур баёни билан ҳам танишди. Унда (баённинг 28-банди) 25 декабрдан 2026 йил 5 январга қадар Вазирлар Маҳкамасида тун-у кун ишлайдиган Республика штаби фаолияти ташкил этилиши, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари шу саналар оралиғида 24 соатлик узлуксиз навбатчилик ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.

Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатлардан кўринишича, янги йил байрами муносабати билан ўқитувчиларнинг навбатчилиги республикадаги деярли барча мактабларда ташкил қилинган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, айни хабар тармоқларда резонанс уйғотгач, Бувайдадаги 37-мактаб директори ўқитувчиларга уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклаганлик важи билан ишдан олинганди.

Мавзуга оид