Жамият | 16:05 / 06.01.2026
8330
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликда туришга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди

​​​​​​​Kun.uz суриштирувидан сўнг Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатни ўрганди. Жараёнда Бувайда туманидаги 37-умумтаълим мактаби директори Ҳасанбой Нишонов ўқитувчиларга уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклагани аниқланди.

Фото: Видеодан кадр

Бувайда туманида ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликда туришга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат бошқарма томонидан ўрганилган. Унда тумандаги 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи томонидан педагогик жамоага уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклангани – амалдаги тартибларга зид равишда навбатчилик қилишлари талаб этилгани аниқланган.

“Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 2025 йил 6 январдаги буйруғига асосан 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи Х.Н. вазифасидан озод этилди”, дейилади бошқарма хабарида.

Тизим раҳбарлари келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирилгани билдирилган. Шунингдек, бошқарма ижтимоий тармоқ кузатувчилари ва фойдаланувчиларидан битта мактабдаги жараённи бутун тизимдаги ҳолат сифатида баҳоламасликларини сўраган.

Kun.uz аввалроқ мактаб директори Ҳасанбой Нишонов буйруғи билан педагоглар 25 декабрдан 6 январга қадар тун-у кун навбатчиликка жалб қилингани ҳақида ёзганди. Ўқитувчилар 5 кунлик расман дам олиш кунларида ҳам икки сменада мактабда қолишга мажбурланган.  

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид