Жамият | 16:35 / 05.01.2026
10160
2 дақиқада ўқилади

Бувайдадаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбурланяпти

37-мактаб директори Ҳасанбой Нишонов имзолаган буйруқ билан педагоглар “мактабни тинч ва осойишта сақлаш, муассаса жамоаси ва ўқитувчилар хавфсизлиги ҳамда саломатлигини таъминлаш мақсадида” 25 декабрдан 6 январга қадар (13 кунлик) тун-у кун навбатчиликка жалб қилинган. Ўқитувчилар 5 кунлик расман дам олиш кунларида ҳам икки сменада мактабда қолишга мажбурлангани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Kun.uzʼга Фарғона вилояти Бувайда туманининг 37-мактаби ўқитувчилари номидан хат келиб тушди. Унга кўра ходимлар 25 декабрдан бери мактабда қолиб, навбатчилик қилишга мажбурлаб келинади. Мурожаат йўллаганлар расман 5 кунлик дам кунлари, 31 декабрдан 4 январгача ҳам мактабда бўлишганини айтган.

Таҳририятга юборилган буйруққа кўра, бу рост бўлиши мумкин. Мактаб директори Ҳасанбой Нишонов имзолаган ва муҳр туширилган ҳужжатда 13 кунлик 2 та сменада мактабда навбатчилик қилиши керак бўлган устозлар рўйхати тасдиқланган. Ҳужжатда Янги йил байрами муносабати билан мактабни тинч ва осойишта сақлаш, мактаб жамоаси ва ўқитувчилар хавфсизлиги, саломатлигини таъминлаш мақсадида тунги навбатчилик ташкил қилинаётгани ёзилган. Муассаса ходимлари буни ўзларига нисбатан босим деб ҳисобламоқда.

“Навбатчилик қиласан, бўлмаса дарсингни олиб қўяман, деб кўрқитган. Ўқитувчилар бунга мажбур бўлган, кундузи аёл устозлар, кечаси эркаклар қолишди. Бу зўравон директорга чора борми? Шу мурожаатни бизга ёритиб беринглар, илтимос”, – дейди ўқитувчилардан бири.

Навбатчилик кунларидан ёзиб олинган видеолар ва Telegram ёзишмаларидан скриншотларда ҳам дам кунлари педагоглар мактабда юргани кўринади.

“Мана, биз бугун навбатчиликдамиз. 31 декабр, янги йил арафасида эски йилни кузатиб, янги йилни кутиб оламиз. Мухлиса (ўқитувчининг ёнидаги шериги) қизи билан чиққанди, қизи ухлаб қолди. Навбатчилик қилгани ўтирибмиз, мана. Соат 12 да келганмиз, биздан олдингилар келдими ёки келмадими, билмайман. Энди бу қонунларимизда бормикан, билмадим”, – дейди видео олганлардан бири.

Маълумот учун, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, уларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Мавзуга оид