Жаҳон | 20:57 / 08.10.2024
3600
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда АЭС қурилиши ўртача 10 йил давом этади

Қозоқ ҳукуматининг маълум қилишича, АЭС қурилиши бўйича 5 та давлатдан иборат консорциум тузилади. Станцияга тўлиқ қозоғистонлик мутахассислар хизмат кўрсатади.

Фото: Reuters

Қозоғистонда барпо этиладиган атом электр станцияси (АЭС) эксплуатациясини кадрлар билан таъминлаш мақсадида халқаро малакага эга барча даражадаги мутахассис-муҳандислар захираси тайёрланмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр маълум қилди.

«Атом электр станциясини қуриш ўртача 10 йил давом этади. Бу даврда кадрлар тайёрлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилади. АЭС иншоотига тўлиқ қозоғистонлик мутахассислар хизмат кўрсатади. Шу билан бирга, халқаро малакага эга барча даражадаги юқори малакали муҳандис-мутахассислар захираси тайёрланади», деди Роман Скляр.

Унинг сўзларига кўра, келажакда АЭС қурилиши бўйича консорциумга 5 та давлат қўшилиши мумкин.

«Ўйлайманки, бу консорциум келажакда 5 та давлатдан иборат бўлади. Атом электр станцияси шунчаки объект эмас. У ўзининг таркибий бўлимида турли давлатлар етакчи бўлган бир қатор тузилмалардан иборат», деди Скляр.

Унинг қайд этишича, станцияни лойиҳалаш жараёнида турли мамлакатлардан энг илғор технологиялар олинади. Шунинг учун қурилиш жараёнига турли компаниялар ва субпудратчилар сафарбар этилган.

6 октябр куни Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича умумхалқ референдуми ўтказилди. Унга кўра, овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 71,12 фоизи ёки 5 миллион 561 минг 937 нафари Қозоғистонда АЭС қуриш масаласини қўллаб-қувватлаган. Қарши овоз берганлар эса 2 045 271 киши.

Мавзуга оид