Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева болаларни ҳар куни мактаб остонасида кутиб олиб, уларга билим ва тарбия бераётган ўқитувчиларга самимий миннатдорлик билдирди.
«Болаларни ҳар куни мактаб остонасида қарши олиб, уларга тафаккур қилишни, ўзига ишонишни, ўзгаларни ҳурмат қилишни ҳамда Ватанни севишни ўргатадиган инсонларга чин қалбимдан миннатдорлик билдирмоқчиман», — деди у.
Саида Мирзиёева Ўзбекистонда устозларга доимо алоҳида эҳтиром кўрсатилганини қайд этди.
«Ушбу қадриятни асраб-авайлашимизни ва кейинги авлодларга ҳам сингдиришимизни жуда ҳам хоҳлайман», — дея таъкидлади у.
Табрик якунида Мирзиёева устозларга эзгу тилакларини йўллади:
«Байрамингиз муборак бўлсин, азиз Устозлар. Шогирдларингизга нимаики яхшилик қилган ва қилаётган бўлсангиз, ўзингизга юз баробар қайтсин».
















