Олий суд 2024 йил давомида биринчи инстанция судлари томонидан жиноят ишларининг кўриб чиқилишига доир статистикани очиқлади.
Маълумотларга кўра, жиноят судларида кўрилаётган ишлар ва қатнашчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

Хусусан, 2020 йилда 30 282 та жиноят иши кўрилган ва унда 38 мингдан ортиқ шахс қатнашган. 2024 йил судларда кўрилган жиноий ишлар сони эса 61 мингдан ошган, уларда қарийб 78 минг киши қатнашган.

2024 йилда ҳудудлар миқёсида Тошкент шаҳри, Фарғона ва Тошкент вилоятларида энг кўп жиноят ишлари кўрилган. Бу 3 та ҳудуд жиноятчилик кўлами бўйича бошқалардан яққол ажралиб турибди, олдинги 5 йилда ҳам жиноятчилик бўйича “пешқадам” бўлган. Шу турдаги энг кам ишлар эса Хоразм, Сирдарё ва Навоий вилоятлари ЖИБ судларида кўрилган (аҳоли сони энг кам ҳудудлар).

Шахсларнинг судланганлик ҳолати – жазо тайинланиб ҳукм чиқарилган ҳамда шартли ҳукм қилинган шахслар сони 2020 йилдан буён 2,2 баробарга – 28 минг кишидан 61 минггача ошган. Оқланганлар динамикаси эса 2023 йилгача ошиб борган – 1244 киши. 2024 йилда эса камайган – 723 кишига оқлов ҳукми чиқарилган.

2024 йилда ЖИБ биринчи инстанция судларида кўрилган ишларнинг 5 фоизи ўта оғир, 29 фоизи оғир жиноятлардир. Қолган 66 фоиз ишлар эса ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киради.
Олий суд келтирган статистикага кўра, сўнгги 5 йилликда ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар сони ошиб бормоқда.

Масалан, одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятлар сони 2023 йилда 358 тадан 2024 йилда 402 тага ошган. Номусга тегиш жинояти 2023 йилда 234 тадан 2024 йилда 272 тага ошган.















