Тизим Қўйлиқ кўпригидан кейинги «Қўйлиқ ота» мақбарасидан ЎзБУМгача бўлган йўналишда жорий этилган ва сутка давомида ишлайди.
Марказ маълумотига кўра, аҳоли ушбу кўчада «яшил тўлқин»ни созлаш зарурлиги ҳақида бир неча бор мурожаат қилган. Шундан сўнг мутахассислар участкадаги светофорларнинг ишини ўзаро мувофиқлаштирган.
Ўлчовларда аввал тиғиз бўлмаган пайтда йўлни босиб ўтиш 12–13 дақиқа олган бўлса, ҳозир тахминан 9 дақиқа кифоя қилаётгани қайд этилган.
«Яшил тўлқин» барча чорраҳаларда чироқ доимо яшил ёниб туришини англатмайди. Светофорлар ҳайдовчи белгиланган тезликда ҳаракатланганида имкон қадар кўпроқ чорраҳадан яшил чироқда ўтиши учун мослаштирилади.
Тизимнинг вазифаси — қизил чироқда тўхташлар сонини камайтириш, ҳаракатни бир маромда ташкил этиш ва йўлга кетадиган вақтни қисқартириш.
Фарғона йўли кўчаси пойтахтнинг асосий кириш транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади. Қўйлиқ йўналишидан келаётган катта автомобил оқими шу кўча орқали шаҳарнинг марказий қисми томон тақсимланади.
Мутахассислар кун давомида транспорт ҳаракатини кузатиб бормоқда. Зарур ҳолларда светофорларнинг иш режимларига қўшимча ўзгартишлар киритилади.















