Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашиши ҳафта охиригача давом этиши мумкин

6 октябрь куни кечқурун Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ёмонлашиб, кечаси ва эрталаб «сезгир гуруҳлар учун ноқулай» даражага чиқди. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли «носоғлом» даража ҳам кузатилди. Бу ҳақда Экология қўмитаси хабар берди.

Ушбу даврда AQI (ҳаво сифати) бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи 117 бўлиб, «сезгир гуруҳлар учун ноқулай» даражага мос келган. Миллий индексация бўйича эса PM2,5 «яшил», PM10 «сариқ» даражада қайд этилган. 7 октябрь соат 10:00 да PM10 бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи «зарғалдоқ» даражага кўтарилган.

Ҳаво сифати ёмонлашишига ифлослантирувчи моддалар тарқалиб кетишини чеклаган ноқулай метеорологик шароитлар таъсир қилган. Хусусан, шамол тезлиги 1 м/с атрофида бўлгани ва тунда кучли ҳарорат инверсияси кузатилгани ҳавонинг алмашинуви ҳамда вертикал аралашишини сусайтирган. Мутахассислар бундай ҳолатлар ҳафта охиригача асосан тунги ва эрталабки вақтларда қисқа муддатли кузатилиши мумкинлигини билдирмоқда.

Тошкент вилоятида қарийб 600 туп дарахт ноқонуний қўпориб ташланди

Экология ва иқлим ўзгариш қўмитаси хабарига кўра, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ғазалкент маҳалласи ҳудудида «Y.D.» МЧЖ томонидан 2 гектар ер майдонида жами 586 туп (шундан қимматбаҳо 9 туп дўлана, 3 туп арча, кам қимматли 3 туп тоғ олчаси, 571 туп учқат) дарахт ноқонуний равишда илдизи билан қўпориб ташланган.

Ҳолат юзасидан тадбиркорга бир неча бор мурожаат қилингани, аммо у қонуний талабга бўйсунмай, қаршилик кўрсатишга урингани таъкидланган.

Қонунбузарлик оқибатида етказилган зарар 1 миллиард 705 миллион 660 минг сўмга баҳоланган. Қайд қилинишича, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

Чирчиқда банк мулозими 13 фуқаронинг 1,3 млрд сўмини ўмарди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, Чирчиқ шаҳридаги тижорат банкида бўлим бошлиғи О.Р. фуқаролардан қабул қилинган маблағларни кассага кирим қилмагани қайд этилган. У пуллар гўёки қабул қилинганини кўрсатиш учун омонат ҳисобварақларига сохта маълумотлар киритган.

Департаментнинг билдиришича, шу йўл билан 13 нафар фуқарога тегишли жами 1,3 млрд сўм ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тунда кўчага ҳайдалган ТДТУ талабалари бошқа ётоқхонага жойлаштирилгани айтилди

Тошкент давлат техника университетининг (ТДТУ) тунда ётоқхонадан чиқариб юборилган талабалари бошқа ётоқхона ва хонадонларга жойлаштирилди, деб хабар берди шаҳар ҳокимлиги. Қайд қилинишича, мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 3 кун муддатда тўлиқ қайтариб берилади.

Аввалроқ, ТДТУ талабалари Kun.uz'га мурожаат этиб, кечки пайт ётоқхонадан чиқариб юборилгани бўйича шикоят қилишган эди. Маълум бўлишича, улар университет ҳузурида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган янги ётоқхонада тўловни амалга оширган ҳолда яшаган. Аммо университет проректори, прокуратура ходими ва участка инспектори ётоқхонани бўшатиш кераклигини айтган.

Таълим ва илм-фан вазирлиги берган изоҳга кўра, ушбу ётоқхона ҳозирча расман фойдаланишга топширилмаган, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳамда ундан фойдаланиш учун рухсат олинмаган. Шу сабабли объектга талабаларни расмий тартибда жойлаштириш имкони мавжуд эмас. Қайд қилинишича, талабалар мазкур ётоқхонага белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда тадбиркор томонидан жойлаштирилган.